Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки мамлакат иқтисодий ўсишининг асосий омилларидан бири бўлган хизматлар соҳасининг Ўзбекистондаги ҳолати бўйича янги ҳисоботини тақдим этди. Ҳисоботда соҳани ривожлантириш йўлидаги қийинчилик ва имкониятлар таҳлил қилиниб, уни либераллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган ислоҳотлар таклиф этилган. Тегишли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши меҳнат унумдорлигининг ошишига, янги иш ўринларининг яратилишига ва хизматлар соҳасига инвестициялар жалб этилишига ҳамда иқтисодиётнинг ўсишда давом этишига олиб келади.
Хизматлар соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий устунларидан бири бўлиб, ЯИМ ўсишини рағбатлантириш ва иш ўринларини яратишда муҳим роль ўйнайди. 2023 йилда унинг ЯИМдаги улуши номинал қийматларда 43,9% ни ташкил этиб, саноат (23,5%), қишлоқ хўжалиги (20,6%) ва қурилиш (7,1%) ҳиссасидан юқорироқ бўлган.
Ўзбекистонда барча иш ўринларининг ярмидан кўпини таъминлаб келаётган хизмат кўрсатиш соҳаси мустақилликка эришилганидан буён мамлакат иқтисодиётини таркибий жиҳатдан трансформация қилишда асосий роль ўйнаган. 1991 йилдан 2022 йилгача ушбу сектордаги бандлик улуши 37 фоиздан 50 фоизгача ошди, бу эса қишлоқ хўжалигида бандлик даражаси пасайишини деярли тўлиқ қоплаш имконини берди.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда бозор ислоҳотлари барқарор иқтисодий ўсишга замин яратиб, ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 5,5 фоиз атрофида бўлди. 2023 йилда хизматлар соҳасининг ривожланиши ортидан ЯИМ 6.3 фоизга ўсди. 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти яна 6 фоизга ўсиши кутилмоқда, бу эса Ўзбекистонга Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган бешта иқтисодиёт қаторига кириш имконини беради.
Бироқ, ҳозирги вақтда иқтисодиётнинг таркибий трансформацияси секинлашди ва хизматлар соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши паст даражада ошди — 2010 йилдаги 41 фоиздан 2022 йилда 44 фоизгача, ушбу секторда бандлик улуши эса 2010 йилдан бери қарийб 50 фоиз даражасида барқарорлашди.
Барқарор ўсишни таъминлаш учун хусусий секторни кенгайтириш ва хизматлар соҳасини, айниқса глобал инновацион хизматлар суб-секторини янада ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш зарур. Бундай хизматларга ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ), профессионал хизматлар (консалтинг, юридик, архитектура, муҳандислик ва бошқалар), шунингдек молиявий хизматлар киради.
Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш учун хизматлар соҳасининг салоҳияти етарли даражада амалга оширилмай қолмоқда. Хусусан, сектордаги бандликнинг қарийб 60 фоизи чакана савдо, меҳмонхона бизнеси ва транспорт каби паст малакали хизматлар суб-секторида тўпланган. Ушбу йўналишларда 2017 йилда 2022 йилгача бўлган даврда меҳнат унумдорлиги бўйича катта натижаларга эришилмади.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш ва таълим каби ижтимоий хизматлар асосан давлат харажатларининг ошиши ҳисобига кенгайди. 2017-2022 йиллар оралиғида хизматлар соҳасидаги жами янги иш ўринларининг 77 фоизи айнан ушбу суб-секторда яратилган.
Юқорида тилга олинган суб-секторлар билан таққослаганда, ихтисослашган билим ва кўникмаларни талаб қиладиган глобал инновацион хизматлар саноатга қараганда икки баравар юқори меҳнат унумдорлигини кўрсатади. Бироқ, ушбу суб-секторда хизмат кўрсатиш секторидаги барча ишчиларнинг атиги 4 фоизи ишлайди. Хусусий сектор глобал инновацион хизматлар улушини, шунингдек, паст малакали хизматлар суб-секторида меҳнат унумдорлигини ошириши мумкин.
Хизматларнинг турли суб-секторлари самарадорлигини ошириш учун Жаҳон банки ўз ҳисоботида Ўзбекистонга учта йўналишда прогрессга эришиш орқали асосий вазифаларни ҳал қилишга эътибор қаратишни тавсия қилади: ташқи бозорлар билан боғлиқликни ривожлантириш, маҳаллий компаниялар ва корхоналар рақобатбардошлигини кучайтириш, шунингдек ишчиларнинг зарур компетенцияларни (билим ва кўникмаларни) эгаллаши. Нима учун бу омиллар муҳим?
Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида Ўзбекистон ташқи бозорларга кириш имкониятини кенгайтириш учун ўзининг жисмоний ва рақамли боғлиқлигини такомиллаштириши керак. Жисмоний боғлиқлик соҳасида 2023 йилда Ўзбекистон Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексида дунёнинг 139 иқтисодиёти орасида 88-ўринни эгаллаган.
Рақамли боғлиқлик соҳасида аҳолининг 4G/LTE тармоғи каби юқори тезликдаги мобил интернетдан фойдаланиши чекланганлигича қолмоқда – унинг қамрови 2023 йилда 92 фоизни ташкил этди, бу ушбу алоқа тури билан умумий қамровдан камроқ. Шу билан бирга, аҳолининг атиги 40 фоизи рақамли тўловлардан фойдаланади. Хусусан, ушбу чекловлар АКТ хизматлари ва рақамли бизнес ривожига тўсқинлик қилмоқда.
Рақобатбардошликни кучайтириш соҳасида Жаҳон банки ва ЖСТнинг Хизматлар савдосидаги чекловлар индекси Ўзбекистон 31 та суб-секторнинг 11 тасида трансчегаравий хизматлар кўрсатиш учун тўлиқ ёпиқ эканлигини кўрсатмоқда. Улар орасида архитектура, муҳандислик ва бухгалтерия хизматлари каби бир нечта профессионал хизматлар мавжуд.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида жойлашган техник воситаларда сақлаш тўғрисидаги қонунчилик талаблари (шахсий маълумотларнинг локализацияси) маҳаллий фирмалар ва компаниялар томонидан трансчегаравий АКТ хизматларини кўрсатишни сезиларли даражада чеклайди.
Шу билан бирга, телекоммуникация тармоғида, шунингдек, ҳаво ва темир йўл транспорти хизматларини кўрсатишда давлат корхоналарининг устунлиги бозор рақобати учун сезиларли тўсиқларни келтириб чиқаради ва ушбу соҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилишни қийинлаштиради.
Зарур компетенцияларни эгаллаш бўйича Ўзбекистон хизматлар соҳасининг тегишли суб-секторларида ишлаш учун зарур бўлган асосий кўникма ва билимларни ривожлантиришга кўпроқ сармоя киритиши керак. Хусусан, мамлакатда олий таълим олиш имконияти чекланганлигича қолмоқда. Олий таълим муассасаларига қабул даражаси 2022 йилда 31,5 фоизни ташкил этиб, бу Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ўртача кўрсаткичнинг – 80 фоизга етади – ярмидан камроғини ташкил этади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда базавий АКТ кўникмалари яхши ривожланмаган: аҳолининг атиги 15% га яқини бундай кўникмаларга эга.
Жаҳон банки хусусий корхоналарнинг ўсиши ва хизматлар соҳасининг ривожланишига йўл бермаётган ушбу тўсиқларни бартараф этиш учун регуляторлик ислоҳотларини ўтказишни тавсия қилади. Асосий чора-тадбирлар қуйидагиларга қаратилиши мумкин:
Хизмат кўрсатиш соҳасини либераллаштириш ва модернизация қилиш учун таклиф этилган ислоҳотларни амалга ошириш Ўзбекистонга сезиларли иқтисодий фойда келтиради:
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши хизматлар соҳасини либераллаштириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш учун ноёб имкониятдир. Ушбу чора-тадбирлар соҳа фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга ва инновацияларни жорий этишга ёрдам беради.