IFC Марказий Осиёда КОБ учун 10 млн доллар сармоя киритади

IFC Марказий Осиёда КОБ учун 10 млн доллар сармоя киритади

IFC Марказий Осиёда КОБ учун 10 млн доллар сармоя киритади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасидаги кичик ва ўрта бизнес субъектлари Халқаро молия корпорацияси (IFC) томонидан Highland Central Asia Fund II жамғармасига 10 млн АҚШ долларигача киритиладиган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради. Бу ҳақда расмий хабарда маълум қилинди.

Инвестициялар хусусий сектор ривожини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва минтақада тўғридан-тўғри инвестициялар бозорини мустаҳкамлашга йўналтирилган. Қайд этилишича, кичик ва ўрта бизнес Марказий Осиё иқтисодиётининг муҳим қисми бўлиб, хусусий секторда бандликнинг катта улушини таъминлайди ҳамда маҳаллий иқтисодиётлар барқарорлигига ҳисса қўшади.

Highland Central Asia Fund II Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасида бир вақтнинг ўзида фаолият юритувчи ягона институционал тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ҳисобланади. Унинг мақсадли ҳажми 75 млн АҚШ долларини ташкил этади. Маблағлар соғлиқни сақлаш, фармацевтика, ритейл, логистика, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, кўчмас мулк ва меҳмонхона бизнеси соҳаларидаги 10–15 та компанияни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Аввалроқ минтақада тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми чеклангани қайд этилган. 2018 йилда Қирғиз Республикасида IFCнинг 8 млн долларлик кўмаги билан ташкил этилган Highland Capital’нинг биринчи жамғармаси 12 та компанияга 21 млн доллар инвестиция киритиб, 900 дан ортиқ иш ўрни яратилишига хизмат қилган.

Highland Capital ҳаммуассиси Элдан Усубакунов таъкидлашича, Ўзбекистон бозорига кириш компания фаолиятини кенгайтиришда муҳим босқич бўлиб, Марказий Осиёда инвестиция экотизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

IFCда қайд этилишича, корпорациянинг асосий инвестор сифатида иштирок этиши жамғарманинг биринчи босқич молиялаштиришини якунлаш ва ривожланиш институтлари қаторида қўшимча инвесторларни жалб қилиш имконини берган.

IFCнинг акциядорлик капитали, жамғармалар ва венчур капитал бўйича глобал инвестициялар директори Фарид Фезуа сўзларига кўра, лойиҳа кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришдаги танқисликни қисқартириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган.

Қўшимча равишда, IFC жамғармани самарали бошқариш ва портфель компаниялари қийматини ошириш мақсадида маслаҳат кўмагини ҳам тақдим этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг