Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 02/11/2021 Фуқаролик ва фуқаросизлик муаммолари: Миллий марказ ва БМТ мутахассислари талабаларга шу мавзуда маъруза ўқидилар
Фуқаролик ва фуқаросизлик муаммолари: Миллий марказ ва БМТ мутахассислари талабаларга шу мавзуда маъруза ўқидилар

2 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссарининг Бошқармаси томонидан мамлакатимизнинг юридик факультетлари талабалари учун фуқаросизлик масалалари юзасидан онлайн-маъруза ўтказилди. Мазкур маъруза «#Ibelong» («#Мен мансубман», «#ЯПринадлежу») кампаниясининг 7 йиллиги ва БМТнинг 1961 йилги Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенциясининг 60 йиллигига бағишлаб ташкил этилди.

Маъруза аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили ўринбосари Думитру Липкану талабаларга табрик йўллади.

Маърузадан мақсад – талабаларнинг фуқаросизлик сабаблари ва оқибатлари, дунёда, жумладан, Марказий Осиёда фуқаросизлик билан боғлиқ вазият ҳақидаги билимларини оширишдан иборат. Шунингдек, ёшларни инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги асосий халқаро ҳужжатлар, жумладан, БМТнинг Фуқаросизлик тўғрисидаги 1954 ва 1961 йилги конвенциялари билан таништириш кўзда тутилган.

Маълумки, 2014 йилда БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармаси “#Мен мансубман” деб номланган фуқаросизликка 10 йил ичида барҳам бериш кампаниясини амалга оширишга киришди. Бу тадбир – фуқаросизлик билан боғлиқ вазиятни ҳал этиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ўнта амалий қадамдан иборат дастурни ўзида қамраган глобал ҳаракатлар режасидир.

2019 йилда дунёдаги барча мамлакатларнинг олий даражадаги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Фуқаросизлик масалалари бўйича юқори даражадаги  Сегмент мажлисида “#Мен мансубман” кампанияси доирасида дастлабки беш йилда эришилган натижалар муҳокама этилди ва баҳоланди.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда фуқаросизликка барҳам бериш борасидаги вазият кейинги беш йилда тубдан ўзгарганини таъкидлаш лозим. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш билан боғлиқ чақириғига жавобан биргина кейинги йилнинг ўзида 56 минг 751 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлди.

Миллий ва халқаро экспертлар томонидан ёшларнинг эътибори жорий йилда нишонланадиган айни мавзуга тааллуқли халқаро саналарнинг моҳияти ва аҳамиятига қаратилди. Бу йил БМТнинг Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганига 60 йил тўлмоқда. 1961 йилда қабул қилинган мазкур Конвенция фуқаросизлик муаммоларини ҳал этишга бағишланган алоҳида ва энг асосий иккита халқаро шартноманинг биридир.

БМТнинг 1961 йилги Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенциясига қўшилар экан, ҳукуматлар фуқароликка бўлган устувор ҳуқуқни ҳимоя қилишга содиқлигини намоён этади. Шахснинг фуқароликка эгалиги жамият ҳаётига тўлақонли иштирок этиш, хусусан, сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловда иштирок этиш, мулк ҳуқуқидан фойдаланиш, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳуқуқларини қонуний асосда кенг рўёбга чиқариш имкониятларини кафолатлайди. Фуқаролик, шунингдек, инсоннинг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш каби бошқа бир қатор ҳуқуқларини ҳам таъминлайди.

Онлайн-маърузада Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Самарқанд давлат университети, Наманган давлат университети, Термиз давлат университети, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг юридик факультетлари талабалари иштирок этди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг