Фарғона вилояти «Чирчиқ» технопарки тажрибасини ўрганмоқда
Фарғона вилояти «Чирчиқ» технопарки тажрибасини ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида кимё-саноат технопарки «Чирчиқ» тажрибаси асосида кимё саноати соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Тегишли вазифалар ҳудуд раҳбариятининг саноат майдончаси фаолияти билан танишувидан сўнг белгиланди.
Ушбу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кимё тармоғини жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудудларда янги лойиҳаларни ишга тушириш масалаларига бағишланган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси доирасида олиб борилмоқда. Йиғилиш 2 июнь куни давлат раҳбарининг кимё-саноат технопарки «Чирчиқ»ка ташрифи давомида бўлиб ўтган.
4 июнь куни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров масъул раҳбарлар билан биргаликда технопаркка ташриф буюриб, амалдаги корхоналар фаолияти билан танишди.
«Чирчиқ» кимё-саноат технопарки 2022 йил 3 февралдаги президент қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвесторларни жалб қилишга йўналтирилган.
Майдони 26,4 гектар бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш учун 25 миллион АҚШ доллари йўналтирилган. 2025 йилда технопаркда 56 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Корхоналар томонидан 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда ва умумий ишлаб чиқариш ҳажми 60 миллион доллардан ошган.
Келгусида технопарк фаолиятини янада кенгайтириш режалаштирилган. 2030 йилга бориб жалб қилинган инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, ишлаб чиқариш ҳажмини 294 миллион долларга, экспортни 48 миллион долларга етказиш ҳамда иш ўринлари сонини 2300 тагача ошириш кўзда тутилган.
Технопарк тажрибасини ўрганиш якунлари бўйича Фарғона вилоятида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва юқори қўшилган қийматга эга кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш чоралари белгиланди.