Фарғона ва Германия касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Фарғона ва Германия касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғон вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Германиядан ташриф буюрган касбий таълим провайдерлари делегациясини қабул қилди.
Учрашувда Германия Таълим, оила, кексалар, аёллар ва ёшлар ишлари федерал вазирлиги ҳузуридаги “iMOVE – Training Made in Germany” тармоғига аъзо ташкилотлар билан касбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Мулоқотда Фарғона вилоятида замонавий ўқув марказларини ташкил этиш, хорижий тилларни ўқитиш, меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Делегация вакиллари қурилиш, автомобилсозлик, тиббиёт, ахборот технологиялари, логистика каби турли йўналишларда амалга оширилаётган таълим дастурлари ҳамда мутахассислар бандлигини таъминлаш бўйича тажрибалари ҳақида маълумот бердилар.
Шунингдек, Германияда талаб юқори бўлган касблар ва бу борадаги мавжуд имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят раҳбари касбий таълимни ривожлантириш, замонавий касбларга ўргатиш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлаб, мазкур йўналишдаги ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Фарғона вилоятида барпо этилаётган йирик ўқув маркази келгусида мазкур ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим платформа бўлиши қайд этилди.
Фарғона вилоятида инсон капитали салоҳиятини юксалтириш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.
Маълумот ўрнида: “iMOVE” - Германия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган халқаро ташаббус бўлиб, у Германиянинг касбий таълим ва малака ошириш (VET) тизимини хорижда тарғиб қилади. Мазкур ташаббус лойиҳаси Касбий таълим федерал институти (БIББ) ҳузурида фаолият юритади.