Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 30/11/2021 БМТ Махсус маърузачиси – Миллий марказда
БМТ Махсус маърузачиси – Миллий марказда

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан 2021 йил 29 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда мўътабар меҳмонга Миллий марказнинг фаолияти ҳақида мухтасар сўзлаб берди. 

Кейинги беш йилда Миллий марказнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ва унинг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорлик муносабатлари бошқа давлатлар учун намуна бўлишга муносиб юксак босқичга кўтарилди. Бундай изчил ҳамкорлик ўзининг улкан натижаларини бермоқда. 

Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди ва 2021 йил 1 январдан амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди ҳамда 2022 йилдан ўз вазифасини бажаришга киришади.

Шу маънода, БМТ Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги ушбу учрашув амалий алоқаларнинг мантиқий ва изчил давоми ҳисобланади. Миллий марказ инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш  соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорликдан ҳамиша манфаатдордир.

Ўз навбатида, Ф. Ни Аолайн ўзаро ҳамкорлик муносабатлари кейинги бир йилдан ортиқ вақт давомида тубдан кучайганидан мамнунлигини билдирди. Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2021 йил июль ойида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 47-сессияси, шунингдек, “Можароли ҳудудлардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация ҳамда реинтеграция қилиш” мавзуидаги семинар ишида фаол иштирок этганига юқори баҳо берди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр -1, 2, 3, 4, 5” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган беш юз нафар аёл ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди. 

Ўзбекистоннинг ушбу инсонпарварлик ҳаракати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатлар, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ равишда амалга оширилди. Энг асосийси, БМТ Махсус маърузачиси таъкидлаганидек, қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларга бориб қолган аёллар ва болаларни ўз ватанига қайтариш, ҳимоя остига олиш ҳамда жамиятга мослаштириш ишлари аввало миллий даражада ҳал этилиши жуда муҳим.

Ф. Ни Аолайннинг фикрича, бугунги кунда кўпгина давлатлар ўз фуқароларини можароли ҳудудлардан олиб чиқиш билан шуғулланишни истамаяпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг бу борадаги миллий тажрибаси ўрнак олишга муносибдир.

Мулоқот чоғида терроризмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Бунда Ўзбекистоннинг терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши курашиш соҳасида халқаро, минтақавий ва икки томонлама даражада миллий салоҳияти шакллангани ҳамда мустаҳкамланганига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон – халқаро терроризмга қарши курашнинг фаол иштирокчиларидан бири. Мамлакатимиз БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини қўллаб-қувватлаган, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўйича 14 та халқаро конвенция ҳамда протоколларни ратификация қилган. Бундан ташқари, бу борада бир қанча миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган.

БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистоннинг қонун ижодкорлиги ва халқаро ҳужжатлар қабул қилишда ташаббускорлик кўрсатиш соҳаларида етакчи эканини эътироф этган ҳолда, ана шу юксак салоҳиятдан “терроризм” тушунчасига таъриф беришда амалий фойдаланиш таклифини илгари сурди. Бинобарин, терроризмга қарши кураш тўғрисидаги асосий конвенциялар ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблея ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг тегишли резолюцияларида ушбу атамага аниқ изоҳ берилмаган.

Шунингдек, томонлар инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Терроризмнинг олдини олиш,  терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларига амал қилиш, терроризм жабрдийдалари ва терроризмда айбланган маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.    

Маълумот учун: Ф. Ни Аолайн – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимини бажаришга 2017 йил 1 августдан киришган. Бугунги кунга қадар Бельгия (2018 йил май), Франция (2018 йил май) ва Қозоғистон (2019 йил май) мамлакатларига ташриф буюрган.

Ф.Ни Аолайн Ирландияда туғилган, ҳуқуқ бакалаври, Белфастдаги Қироллик университети ва Колумбия университети юридик факультетларининг ҳуқуқ магистри, Европанинг бир қатор нуфузли олий ўқув юртлари профессори ҳисобланади. У китоблари ва илмий тадқиқотлари учун кўплаб академик унвон ва мукофотлар, жумладан, Фулбрайт стипендияси, Алон мукофоти, Роберт Шуман стипендияси, Европа комиссияси мукофоти ва Лолор стипендияси совриндори бўлган.

Белфастда жойлашган Одил судлов бўйича ижроия қўмитаси ва Фуқароларнинг эркинликлари бўйича Ирландия кенгаши аъзоси. 2010 йилда Халқаро ҳуқуқнинг Америка жамияти ижроия кенгашига уч йил муддатга сайланган ва 2014 йили ушбу Кенгашнинг Йиллик мажлисига ҳамраислик қилган.   

Бундан ташқари, Ф.Ни Аолайн Очиқ жамиятлар фондларининг хотин-қизлар дастури бўйича кенгаш раисидир. Қийноқлар жабрдийдаларига кўмаклашиш марказининг Миллий маслаҳат кенгаши таркибидан ҳам жой олган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг