Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 25/10/2021 АҚШ Ўзбекистонга 800,2 мингдан ортиқ «Pfizer» вакцинаси ҳадя этди
АҚШ Ўзбекистонга 800,2 мингдан ортиқ «Pfizer» вакцинаси ҳадя этди

Америка халқининг сахийлиги туфайли, коронавирусга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистонга 273,780 доза «Pfizer» вакцинаси ҳадя қилинди. Бу 800 280 дозали вакцинанинг иккинчи партияси бўлиб, 526,5 минг дозадан иборат биринчи партия 18 октябрда Тошкентга етказиб берилди.

Ушбу ҳадя Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал COVAX ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатаётган хавфсиз ва самарали 1.1 миллиард доза вакцинанинг бир қисмидир.

Вакцина келишини олқишлар экан, АҚШ элчиси Дэниэл Розенблюм шундай деди: “Биз вакциналарни бирор шартларсиз етказиб бермоқдамиз. Бу вакциналар ҳаётларни сақлаб қолиш ва пандемияни тугатишга ёрдам бериш учун тарқатилмоқда. Ушбу юқумли касалликдан холи ва хавфсизроқ дунёни барпо этиш учун биз қўлимиздан келган барча ишни қилишда давом этамиз”.

Ушбу ҳадя АҚШ 2021 йил 30 июль куни Ўзбекистонга совға қилган уч миллиондан зиёд “Модерна” вакцинасига қўшимчадир. Шунингдек, COVAX доирасида АҚШ ҳукумати қисман молиялаштирган «AstraZeneca» вакцинасининг бир миллионга яқин дозаси ҳам Ўзбекистонга етказиб берилди.

Бундан ташқари, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ушбу вакциналарни хавфсиз ва самарали тарқатишда, жумладан, тиббиёт ходимларини ўқитиш, вакцинанани керакли ерга етказиш ҳамда одамларни эмланишга рағбатлантиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватламоқда.

Пандемия бошланганидан буён USAID кенг кўламли тестлар учун миллий лаборатория тизимларини кучайтириш, лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекцияларни назорат қилиш, диагностика қобилиятини ошириш, COVID-19 кузатуви ва унга тезкор жавоб беришни яхшилаш, инфекция юқтирган одамларни даволашни кучайтириш, жамоатчиликнинг коронавирус ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда жамоа иштироки ва кўнгиллиларни сафарбар қилишда Ўзбекистон билан яқиндан иш олиб борди.

АҚШ бутун дунё бўйлаб 200 миллиондан ортиқ COVID-19 вакцинаси тарқатди ва келгусида яна миллионлаб вакцина етказиб беради. Қўшма Штатлар COVAX глобал вакцина ташаббуси доирасида энг йирик ягона донор ҳисобланади.

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг