Бугун, 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Корея Республикаси Пучон Университети ҳамда «Тошкент шаҳридаги Пучон Университети» нодавлат таълим ташкилоти қўшма корхонаси ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Ушбу Меморандум доирасида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълимга инновацион ёндашувларни жорий этиш, таълим жараёни сифатини ошириш, шунингдек Жанубий Корея тажрибаси асосида Ўзбекистон Республикасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилган.
Хусусан, томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликка келишиб олишади:
- Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2-босқич Педагогика коллежлари битирувчиларини Тошкент шаҳридаги Пучон университетининг 2-босқичига ўтказишни назарда тутувчи «2+2» таълим дастури доирасида қўшма лойиҳани амалга ошириш;
- Корея Республикаси мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимининг мустаҳкам илмий базасини яратиш;
- Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизими педагог кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- мактабгача таълим учун ўқув-услубий материаллар ва адабиётларни биргаликда тайёрлаш;
- мактабгача таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасидаги ютуқлар ва педагогик тажрибалар билан ўзаро алмашувни амалга ошириш;
-Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси олим, услубчи ва педагоглари иштирокида мактабгача таълим соҳасида халқаро илмий-амалий анжуман ва семинарлар ўтказиш.
Меморандум Ўзбекистон Республикасининг замонавий ва истиқболли манфаатларига тўлиқ жавоб беради ва Ўзбекистон Республикасидаги мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрларини тайёрлаш, шу билан бирга таълим тизимида жаҳон етакчиларидан, шунингдек Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкори бўлган Корея Республикаси билан тажриба алмашиш учун янги имкониятларни очади.