Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қатар миллий музейи ва Ислом санъати музейи билан танишди.
Қатар миллий музейи 2019 йилда очилган. У ерда Қатар Давлатининг тарихи, қатарликлар урф-одати ва анъаналари ҳамда мамлакатдаги ислом обидалари ҳақидаги маълумотлар ўз аксини топган. Меҳмонлар Форс кўрфазининг табиати ва ундаги турли ноёб жониворларнинг ҳаёти билан ҳам яқиндан танишишлари мумкин.
Ислом санъати музейи Қатарнинг диққатга сазовор жойлари орасида алоҳида ўринга эга.
Музей Доҳа соҳилидаги сунъий оролда жойлашган бўлиб, 5 қаватдан иборат. 2008 йилда ишга туширилган.
Бу даргоҳ анъанавий маданият хилма-хиллигини ва ислом санъати серқирралигини ифодаловчи рамзий восита бўлиб хизмат қилади. Унда Осиё, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларида VII асрдан XIX асрга қадар мавжуд бўлган ислом санъати буюмлари ўз аксини топган. Музей қошида кутубхона ва 200 ўринли ўқув зали, реставрация лабораторияси ва тақдимот ўтказиш учун қатор хоналар мавжуд.
Яна бир эътиборли жиҳати, бу музейда Самарқанддан келтирилган Қуръон саҳифаси нусхаси ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маънавий муштаракликдан далолат беради.