Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами муносабати билан ана шундай жон-куяр, тадбиркор аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда бизнесга оид билимларини бойитиш, тадбиркорлик соҳасида қўлланилаётган янги замонавий технологиялардан хабардор қилиш ва оилавий бизнесни ривожлантириш мақсадида O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан “Оилавий тадбиркорликдан-мустаҳкам оилага - 2016” лойиҳаси доирасида “Оилавий тадбиркорлик - аёллар бандлигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзуида ўқув-семинари ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, партиянинг “Оилавий тадбиркорликдан-мустаҳкам оилага - 2016” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида биргина Андижон вилоятида 28 нафар хотин қизларга 327 млн. 500 минг сўм миқдорида кридитлар ажратилган. Натижада 55 та янги иш ўринлари яратилди.
Ўқув-семинарда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жумладан, оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, яратилган имтиёз ва преференциялар, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари масалалари ҳамда оилавий тадбиркорлик фаолиятини амалий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий маслаҳатлар ҳамда ахборот кўмагини кўрсатиш борасидаги фаолиятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
- Бугунги ўқув-семинарида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, жумладан, оилавий корхона, юридик шахс ташкил этмасдан оилавий бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатдан ўтказиш тартиблари, молиялаштириш масалалари муҳокама марказида бўлди, - дейди Андижон шаҳар ҳокимлиги хузуридаги Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона дарча” марказининг мутахассиси С.Каримов. —Хотин-қизларнинг катта қизиқиши ва бахс-мунозараларига бой ўтган ўқув-семинар давомида иштирокчилар имтиёзли кредитлар, турлари, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш ва қайтариш тартиблари, гаров таъминоти, турлари каби мавзуларда тақдимотлар тайёрлаб, ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашди.
Семинарда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ва истиқболли режаларни тақдим этиб, ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга тижорат банкларининг сертификатлари топширилди.
Шунингдек, ўқув-семинарда экспертлар ва иштирокчилар ҳамкорлигида “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳани самарадорлигини янада ошириш учун тарғибо-ташвиқот ишларини ривожлантириш, соҳага оид маҳаллий ва хорижий тажрибаларни оммалаштириш каби бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.