Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Президент Халқ қабулхонаси Қонликўл туманининг «Дўстлик» маҳалласида ташкил қилган навбатдаги оммавий қабул ҳам анчайин гавжум бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари билан очиқ-жонли мулоқотларда асосан тадбиркорлик, кредит ажратиш, йўллар таъмири, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, фуқаролик, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ кўплаб масалаларга ечим изланди.
Нукуслик ёш тадбиркор Меҳрибон Жиенбаева нон ва нон маҳсулотлари тайёрлаб, ички бозорга етказяпти. Фаолиятини кенгайтириши учун кредит зарур, аммо маблағ ажратилиши муаммо бўлиб турибди экан. Меҳрибоннинг мурожаатидан сўнг бу масала шу ерда ҳал қилиниб, унга 30 млн. сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.
Қонликўлнинг 3-секторида жойлашган «Қосжап» овулидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилоти директори Гулистон Бекимбетованинг Қорақалпоғистон ички ишлар ва Сув хўжалиги вазирликлари масъулларига мурожаатларидан сўнг мазкур болалар боғчаси ҳудудини оқар сув билан таъминлаш учун насос ускунаси олиб бериладиган бўлди. Боғча ёнидаги ички йўлларни таъмирлаш ишлари эса ўзида бошлаб юборилди.
Айни пайтда «Косжап»нинг 1,2 км. ички йўлларига қум-шағал тўшалмоқда. Кейинги босқичда бу кўчалар асфальтланиб, аввало, овул четидаги мактабгача таълим ташкилотига келадиган болалар, ота-оналар ва тарбиячилар учун қулайлик яратилади.
Шуманайнинг Бекжап овулида яшовчи Довутбой Қўшимовнинг айни шу йўналишдаги масаласи ҳам жойида ҳал қилинди.
Мазкур мурожаат асосида бугун овулнинг Сояли гужум кўчаси тош йўлга айлантирилмоқда. Бу кўча ҳам овулдаги мактаб-у болалар боғчасига туташ ва шу боис ҳам бу ишларнинг амалий натижаси аввало овул ёшларининг кундалик ҳаётида сезилади.
Қонликўлнинг «Маданият» маҳалласида яшовчи Улуғбек Тўрабоев эса маҳалласидаги электр энергияси таъминотини яхшилаб беришда амалий ёрдам сўради. Мурожаатдан сўнг аҳоли вақтинча ўрнатган қўлбола симёғочлар бетон устунларга алмаштирилиб, янги тармоқ тортишга киришилди.
Қўнғирот тумани «Хоразм» овули аҳолисининг жамоавий мурожаатлари асосида овулдаги 600 га яқин хўжаликнинг газ таъминоти билан боғлиқ масаласи ҳам жойига чиқиб ўрганилиб, ҳал қилиб бериладиган бўлди.
Мўйноқнинг Қаражар овулидан қабулга келган Қувончбой Ажимуратов ҳам овулига қувончли хабар билан қайтмоқда. Унинг мурожаати асосида овул аҳолисини чучук сув билан таъминлаш учун фильтрлаш ускунаси ўрнатилади. Бу билан қаражарликлар ҳаётига ҳам том маънода ободлик кириб боради.
Қонликўллик Саригул Жалекеева мурожаатидан сўнг эса «Дўстлик» маҳалласидаги қарийб 160 та оила фарзандлари учун замонавий
болалар майдончаси қуриб берилиши белгиланди.
Мўйноқдан онасига шифо излаб келган Омонгул Оқилбекова ҳам қабулдан қувонч билан қайтмоқда. Оғир ижтимоий аҳволдаги аёлнинг айтишича, онасида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган, бу борадаги барча харажат «Меҳр ва саховат» жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериладиган бўлибди.
Қабуллар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож мўйноқлик Санжар Қалиев, хўжайлилик Муҳаббат Бахиева, Айнархан Ўтепованинг олий таълим олиши, мўйноқлик Сайрамбек Жумагамбетовнинг эса сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўташи учун контракт пуллари тўлаб берилиши белгиланди. Боқувчисини йўқотиб, оғир ижтимоий аҳволда қолган хўжайлилик Раиса Мулланиёзова, Шоҳида Раҳматуллаева, қўнғиротлик Замира Зарекеева, Дамегул Жумамуродова, Наргиза Мақсетова, қонликўллик Гулсара Ўроқбоеванинг эса эса уй-жойларини таъмирлашга амалий кўмак бериладиган бўлди.
Мулоқотлар натижасида оғир ижтимоий аҳволдаги ўнга яқин ишсиз инсонларга субсидия ҳисобидан пайвандлаш ускунаси, тикув машиналари, уларнинг фарзандларига эса велосипедлар олиб берилди. «Аёллар дафтари»да турган қонликўллик Клара Тиловниёзова ҳам аввал ижарага тикув машинаси олиб ишлатган бўлса, энди ўз ускунасига эга бўлди. Чевар аёл қабулнинг эртасигаёқ янги тикув машинада ишни бошлаб юборди.
Қонликўлнинг Дўстлик маҳалласида тонгда бошланиб, шом қоронғусига қадар давом этган оммавий қабулда 393 нафар мурожаатчининг 433 та масаласи кўриб чиқилиб, уларнинг 174 таси жойида ҳал қилинди, 43 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилган бўлса, 216 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Халқ қабулхонаси назоратига олинди.