Учрашув аввалида Р.Фудерич Меҳнат вазирига тез орада Юнисефнинг Ўзбекистондаги вакили сифатидаги фаолиятини тугатаётганлиги ҳақида маълум қилди.
Шу муносабат билан ҳар икки томон вакиллари ўтган давр мобайнида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бандлигини таъминлаш борасида ўрнатилган муваффақиятли ҳамкорлик учун ўзаро миннатдорчилик билдиришди.
Дўстона руҳда ўтган учрашувда Р.Фудерич ва А.Абдуҳакимовлар БМТ агентликлари ва Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг ижтимоий муҳофаза қилишга оид вазифаларини тўлиқ амалга оширишга хизмат қилган ишчи гуруҳ фаолияти хусусида тўхталиб, мазкур гуруҳ томонидан 2016-2017 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар қўшма режасини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Айни пайтда икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар юқори даражада давом эттиришига ишонч билдиришди.
Мулоқот якунида амалий ташаббусларни биргаликда татбиқ этиш борасида аниқ келишувга келинди. Хусусан, давлат ташкилотлари ҳамда БМТ агентликларининг беш йиллик қўшма дастури доирасида амалга оширилган ишларга оид таҳлилий ҳисоботлар, статистик маълумотлар, янгиликлар ҳамда ногирон болалар ва катталарнинг саволлари, фикрларини ўзида мужассам этувчи форуми учун мўлжалланган вебсайт очиш таклифи маъқулланди.