Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 15/04/2016 ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Ҳукумати ҳамкорлик дастурининг фаолият режасини имзоладилар
ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Ҳукумати ҳамкорлик дастурининг фаолият режасини имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Ҳукумати болалар ва оналар фаровонлигини ошириш мақсадида 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурининг фаолият режасини имзоладилар.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати 2016-2020 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурининг фаолият режаси (ҲДФР)ни имзоладилар. Имзолаш маросими бугун Ташқи ишлар вазирлиги Маросимлар уйида бўлиб ўтди. ҲДФР мамлакатдаги болалар ва оналар фаровонлгини оширишга ҳамда Барқарор Тараққиёт Мақсадларига, хусусан, бола саломатлиги, таълим ва болалар ҳимоясига қаратилган мақсадларга эришишда кўмаклашишдан иборат. ҲДФРни Ўзбекистон Ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов имзолади. Маросимда соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов ва халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов иштирок этишди.

“Ўтган йигирма йил давомида ЮНИСЕФ Ўзбекистон Ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келди ва биз мамлакатда болалар ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш борасида катта натижаларга эришдик,” – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич. “2016–2020 йилларга мўлжалланган ҲДФРнинг имзоланиши болаларга берган ваъдаларимизни бажариш йўлидаги фаолиятимизни янада жадаллаштиради,”- деб қўшимча қилди у.

Мазкур ҳужжат ЮНИСЕФ ҳамда бир қатор вазирликлар, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги интенсив маслаҳатлашувлар жараёнида тайёрланди. ҲДФР Ўзбекистонда болалар фаровонлиги билан боғлиқ бўлган сиёсат ва стратегияларга ҳамоҳанг бўлиб, БМТнинг Ўзбекистонда тараққиётга кўмак дастури ва 1994 йилда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ равишда ишлаб чиқилган.

Кейинги беш йил давомида ЮНИСЕФ томонидан қўллаб-қувватланган дастурлар болаларга тааллуқли ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишлашга, энг муҳтож оилаларга урғу берган ҳолда миллий ҳамкорларнинг салоҳиятини оширишга қаратилади. Мазкур саъй-ҳаракатлар соғлиқни сақлаш, таълим ва болаларни ҳимоя қилиш жабҳаларига йўналтирилган. Тармоқлараро узвийликни таъминлаш мақсадида болалар ҳуқуқлари мониторингини олиб бориш учун зарур бўлган маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш борасидаги фаолият ҳам такомиллаштирилади.

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда янги ҲДФРни амалга ошириш учун кейинги беш йил мобайнида 33 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни инвестиция қилиш мажбуриятини олган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг