Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 10/04/2019 ЮНИСЕФ ҳисоботи: Ўзбекистонда 1 600 000 дан ортиқ болалар таълим билан қамраб олинмаган
YUNISEF hisoboti: O'zbekistonda 1 600 000 dan ortiq bolalar ta'lim bilan qamrab olinmagan

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Глобал муаммоларга қарамасдан Ўзбекистон болаларни мактабгача таълим билан қамраш борасидаги ўз мажбуриятларини бажаришда давом этмоқда. ЮНИСЕФнинг тарихда илк бор мактабгача таълимга бағишланган глобал ҳисоботида дунёнинг аксарият давлатлари томонидан мактабгача таълимга етарлича сармоя йўналтирилмаётганлиги маълум қилинади

Бугун эълон қилинган янги ҳисоботида ЮНИСЕФ бутун дунё бўйича жаъми 175 млн. мактабгача таълим ёшидаги болалар мактабгача таълим муассасаларига бормаётганликларини маълум қилади. 

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1 600 000 дан ортиқ ўғил ва қиз болалар –мактабгача ёшдаги болаларнинг 70%га яқини – мактабгача таълим билан қамраб олинмаган. Бу эса, ҳар уч боладан иккитаси уларнинг таълимига йўналтирилиши мумкин бўлган ўта муҳим сармоялардан бебаҳра қолаётганликлари ва ҳаётларининг дастлабки йилларидан бошлаб тенгсизликдан жабр кўришлари мумкинлигини англатади.

«Мактабгача таълим билим олишнинг пойдеворини ташкил қилади. Таълим жараёнининг кейинги ҳар бир босқичи мактабгача таълимнинг қанчалик муваффаққиятли бўлишига боғлиқ, - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. – Айни чоғда бутун дунёдаги жуда кўплаб болалар бундай имкониятдан маҳрум қилинганлар. Бу эса, болалар синфда қолишлари ёки умуман мактабни ташлаб кетишлари хатарини оширади ва уларни нисбатан муваффаққиятлироқ тенгдошлари соясида қолиб кетишга сабаб бўлади».

ЮНИСЕФнинг тарихда илк бор мактабгача таълимга бағишланган глобал ҳисоботи «A World Ready to Learn: Prioritizing quality early childhood education» («Таълим олишга ҳозир дунё: сифатли мактабгача таълимнинг устуворлиги») деб номланган бўлиб, унда мактабгача таълим муассасасига ҳеч бўлмаса бир йил қатнаган болаларда мактабда муваффаққиятли таълим олишларида зарур бўладиган ҳаётий кўникмаларни орттириш эҳтимоли юқори бўлиши ҳамда синфда қолиш ёки мактабни ташлаб кетиш хатарлари кам бўлиши, шу боис улар улғайганларида тинч ва гуллаб-яшнайдиган жамиятлар ва мамлакатларни шакллантиришга катта ҳисса қўшишлари мумкинлиги таъкидланади.

Мактабгача таълим билан қамраб олинган болалар дастлабки саводхонлик ва ҳисоблаш кўникмаларини бундай таълимни олмаган болаларга нисбатан икки баробардан ҳам тезроқ эгаллайдилар. Аксарият болалар мактабгача таълим дастурларини билан қамраб олинган мамлакатлардаги болаларнинг кўпчилиги бошланғич мактабни якунлайдилар ва натижада ўқиш ҳамда математика бўйича энг зарур кўникмаларнинг минимумини эгаллайдилар.

Ҳисоботда таъкидланишича, мактабгача таълимдаги давоматга таъсир қилувчи асосий омиллар қаторига уй хўжаликлари фаровонлиги, онанинг маълумоти ва географик жойлашув кабилар киради. Айни чоғда, қашшоқлик ягона энг муҳим омил бўлиб қолмоқда. Қуйида ҳисоботдаги асосий хулосалардан баъзилари келтирилган:

  • Қашшоқликнинг тутган ўрни: Дунёнинг 64 та мамлакатида энг қашшоқ оилаларга мансуб бўлган болаларнинг мактабгача таълим дастурлари билан қамраб олиниш эҳтимоли энг бой оилаларга мансуб бўлган болаларникига нисбатан етти баробар

камдир. Бир қатор мамлакатларда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут янада яққолдир. Ўзбекистондаги энг бой уй хўжаликларидаги болалар мактабгача таълим муассасаларига энг кам таъминланган оилалар фарзандларига нисбатан кўпроқ қатнашади.

  • Низоларнинг таъсири. Низолар таъсирига тушган ёки табий офатлардан жабрланган 33 та мамлакатда яшаётган мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг учдан икки қисмиидан зиёди мактабгача таълим билан қамраб олинмаган. Мактабгача таълим бундай шароитдаги болаларга ўз бошларидан кечирган азиятларни енгиб ўтишларида ёрдам беради. Зеро, бундай таълим болаларни тизимга солинган билимлар билан қуроллантиради, уларни ҳавфсиз муҳит билан таъминлайди. Бундай муҳитда улар билим олиш ва ўйинлар билан банд бўлиш ҳамда ўз кечинмалари ва фикрларини баён этиш имкониятига эга бўладилар.
  • Муваффаққиятли таълимнинг даврий жараёни. Маълумотлар мавжуд бўлган мамлакатлар бўйича олиб борилган таҳлилда аниқланишича, оналари ўрта ёки ундан юқори маълумотга эга бўлган болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниш эҳтимоли фақат бошланғич маълумотга эга бўлган ёки умуман ҳеч қандай расмий маълумоти бўлмаган оналарнинг фарзандлариникига нисбатан беш баробардан ҳам юқори экан.  

2017 йилда бутун дунё бўйлаб мактабгача таълимга давлатлар бюджетининг таълимга ажратилган қисмидан 6,6 фоизи йўналтирилган бўлиб, айни чоғда маълумотлар мавжуд бўлган мамлакатларнинг салкам 40 фоизида таълим учун ажратилган бюджет улушидан айнан мактабгача таълимга йўналтирган нисбатлари 2 фоизни ҳам ташкил қилмаган. Ўзбекистонда мактабгача таълимни бундай сармоялаш 11 фоизни ташкил этади. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда давлатлар ўз бюджетларида таълим учун ажратган улушларидан 11,3 фоизини мактабгача таълимга йўналтирадилар.

Ж аҳон миқёсида мактабгача таълимга сармоя йўллашнинг бундай танқислиги хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, мактабгача таълимда педагогларининг жиддий етишмаслиги ҳам мазкур муаммонинг бир қисмидир. Умумий ҳисобда бутун дунё бўйича мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 60 фоиздан зиёди даромад даражаси қуйи бўлган мамлакатларда ва ўрта даромаднинг қуйи қисмида бўлган мамлакатларда ҳаёт кечиради. Аммо айни шу мамлакатларда мактабгача таълим педагогларининг бор-йўғи 32 фоизга яқини фаолият юритади. Бунинг устига, ҳозирги кунда даромад даражаси қуйи бўлган мамлакатларда бор-йўғи 422 минг мактабгача таълим педагоглари фаолият юритмоқдалар. Аҳоли сони ўсиб бораётган паллада, “тарбиячи-педагог”нинг рисоладаги нисбати 20:1 деб олинса, 2030 йилга қадар бутун дунёда мактабгача таълим билан қамров бўйича кўзланган даражага эришиш учун жаъми 9,3 млн. янги мактабгача таълим педагоглари лозим бўладилар. Ўзбекистонда мактабгача таълим мураббийларининг нисбати шаҳарларда ўртача 25:1 ни, қишлоқ жойларда эса – 5:1ни ташкил этади. Бу эса қамровнинг жуда ҳам пастлигидан далолат беради.

«Агар ҳозирда ҳукуматлар уларнинг ишчи кучлари эртанги кун иқтисодиётида рақобатбардош бўлишини истасалар, ҳаракатни мактабгача таълимдан бошлашлари лозим, - деб таъкидлайди Саша Грауманн. – Агар фарзандларимиз ҳаётларини муваффаққиятли равишда бошлашларини истасак, улар иқтисодиёт глобаллашиб бораётган даврда муваффаққиятли бўлишларини истасак, ҳукумат раҳбарлари мактабгача таълимни устувор йўналишлардан бири қилишлари ва уни етарлича ресурслар билан таъминлаб беришлари лозим”.

ЮНИСЕФ мамлакатлар ҳукуматларини ҳеч бўлмаганда бир йиллик сифатли мактабгача таълимни жорий қилишларини қатъий тавсия этади ва бу орқали мактабгача таълимни ҳар бир боланинг, айниқса, ижтимоий жиҳатдан энг заиф бўлган ва эътибордан четда

қолган болалар таълимининг ажралмас қисмига айлантиришга чорлайди. ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматининг бир йиллик бепул ва мажбурий мактабгача таълимни жорий этиш йўлидаги сайъ-ҳаракатларини қутлайди. Ҳозирги кунда ушбу ташаббус мамлакатнинг учта ҳудудида жорий этилмоқда.

ЮНИСЕФ ҳукуматларни мамлакат бюджетидан таълимга ажратилган қисмининг энг камида 10 фоизини мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мажюуриятини олишга ҳамда педагогларга, стандартлар сифатига ҳамда таълим олиш имкониятларининг тенг ҳуқуқли равишда кенгайтиришга сармоя йўналтиришга чорлайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг