Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 17/03/2016 Ёшлар маънавиятини юксалтириш ЎзМТДПнинг устувор вазифаларидан биридир
Ёшлар маънавиятини юксалтириш ЎзМТДПнинг устувор вазифаларидан биридир
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан “Соғлом она ва бола” йилига бағишлаб “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ЎзМТДПнинг устувор вазифаларидан биридир” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари “Ёшлар қаноти” етакчилари, мутахассислар, ёш олимлар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланганидек, партиянинг устувор вазифаларидан бири юксак маънавиятли, кенг билимли, эркин фикрлайдиган, ўз қарашларида миллий ғоямизга таянган, ўз хатти-ҳаракати, ҳаёт тарзи билан миллий маънавий қадриятларга, ватанпарварлик ва инсонпарварлик ғояларига садоқатли ёшларни тарбиялашга кўмаклашишдан иборатдир.

Сарвар Отамуратов,ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси:
– Бугунги глобаллашув, тезкор ахборот алмашинуви замонида ёшлар маънавиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эгадир. Айрим қудратли давлатлар томонидан муайян мамлакатларга нисбатан олиб борилаётган ғаразли сиёсатни дунёнинг айрим минтақаларида тинч ҳаётнинг издан чиқиши, ҳокимият тепасига айнан ўша давлатларнинг манфаатларига хизмат қиладиган кучларнинг келиши билан боғлиқ мисолларда кўриш мумкин. Ана шундай вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ёшларнинг маънавий оламини бундай тахдидлардан асраш, ҳозирги ўта мураккаб бир замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холис ва мустақил фикрга эга бўлиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.

Муҳтарам Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганларидек, “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”.

Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Юртбошимиз раҳнамолигида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу Ватанимиз келажагига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун истиқлол йилларида мамлакатимиз ёшларининг таълим олишлари, ҳар жабҳада ўз иқтидорларини намоён қилишлари, муносиб ҳаёт кечиришлари учун улкан имконият, ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

2016 йилнинг юртимизда “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилиниши эса бу борада амалга ошириладиган ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан қабул қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида аввало ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни тарбиялаш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Биринчи навбатда, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тартибга солувчи механизмларни такомиллаштиришни назарда тутадиган янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланганлиги муҳим аҳамиятга эгадир.

Семинарда ЎзМТДП фракцияси аъзолари томонидан янги таҳрирда ишлаб чиқиладиган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида назарда тутилган мақсад-вазифалар мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтириб бердилар.

Ҳамдам Ниёзов,ЎзМТДП Марказий Кенгаши девони бош мутахассиси:
– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Дастури ва сайловолди Платформасида назарда тутилган асосий мақсад ва вазифаларидан бири баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишдир. Ёшлар масаласи партия фаолиятида муҳим ўрин тутади. Зеро, партия Дастурида айтилганидек: “Ёшлар – бу мамлакат келажаги, жамиятнинг таянчи ва ажралмас қисми, у табиий равишда катта авлод ўрнига келади”.

Бугунги кунда партия “Ёшлар қаноти” томонидан амалга оширилаётган турли сиёсий-маданий тадбирлар, акция ва лойиҳалар, конференция ва Форумлар, ўқув-семинарлар орқали кенг ёшлар оммасига кириб бориш, уларни бирлаштириш, қўллаб-қувватлаш, ёшларда сиёсий етакчилик ва ташаббускорлик маҳоратини ошириш, соғлом фикр ва соғлом онгни шакллантириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда бевосита ёшларнинг иштирокини таъминлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этишларига кўмаклашиш назарда тутилган.

Ёшларнинг оила ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига, сиёсий-ҳуқуқий билимларини янада ошириш, жамиятда олиб борилаётган барча ислоҳотларда фаол иштирок этишларига бағишланган тадбирлар нафақат партия фаол ёшлари, балки партия сафига ҳали қўшилмаган ёшлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Буни ўтган давр мобайнида “Юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, Халқ фаровонлиги йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги ёшлар Форуми, “Юртим тарихини ўрганаман” шиори остида “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” номли ёшлар акцияси, “Ёш сиёсий билимдонлар” клуби аъзолари ўртасидаги “Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий жараёнлар ёшлар нигоҳида” Республика кўрик-танловининг юқори савияда ўтказилишидан ҳамда партия аъзолари орасида ёшлар салмоғининг ортиб бораётганидан билиш мумкин.

Семинарда шунингдек, "Ёшлар маънавиятини юксалтириш – ЎзМТДПнинг доимо диққат марказида", "Китобнинг ёшлар маънавиятидаги ўрни", "Тарихдан сабоқ олиб келажакка ишонч билан яшаш масъулияти" каби мавзуларда маърузалар қилинди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги вазифалар ёшлар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Семинар якунида ЎзМТДП “Ёшлар қаноти”нинг 2016 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Партия дастурий мақсад-вазифалари ҳамда ғоясини тарғиб қилиш, партия сафига ёшларни кенг жалб қилишда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган бир қатор ҳудудий партия ташкилотлари "Ёшлар қаноти" етакчилари фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг