Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 25/07/2016 “Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми” юқори савияда ўтади, дейишмоқда тадбир ташкилотчилари
“Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми” юқори савияда ўтади, дейишмоқда тадбир ташкилотчилари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Аввал хабар берганимиздек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демок­ратик партияси ташаббуси билан жорий йилнинг август ойи биринчи ўн кунлигида “Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми” бўлиб ўтади.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ўтказилиши режалаштирилаётган мазкур форум партиянинг эртамиз эгалари бўлган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги энг йирик ташаббусларидан биридир.

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ва ушбу йўналиш билан боғлиқ режалар хусусида O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Сардор МАРИПОВ шундай изоҳ берди:

– Маълумки, ҳар қандай давлатнинг эртанги куни ёшларнинг жисмонан бақувват ва маънан соғлом улғайишига боғлиқдир. Зеро, айнан ана шу қатлам вакилларигина мамлакатнинг келажакдаги ютуқларини белгиловчи, унга тиргак бўлувчи асосий кучдир.

Шунинг учун ҳам истиқлол йилларида мамлакатимизда ушбу муҳим тамойилга қатъий амал қилинди. Бу каби ислоҳотлар эса бесамар кетмади. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдроғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Маълумотларга қараганда, ўтган йили юртимизда ёш тадбиркорлар сони 278 452 тани ташкил этган. Эътиборга молик жиҳати, уларнинг 88061 нафари 30 ёшга тўлмаган. Бу кўрсаткич янада кўпайиб бормоқда.

Шу билан бирга, ўтган йили 482 598 нафар йигит-қиз касб-ҳунар коллежларини тамомлаган. Уларнинг 38257 нафари кредит олиш мақсадида тижорат банкларига мурожаат қилган. Молия муассасалари томонидан ўтган йили жами 20161 та битирувчига 277 млрд. 800 млн. сўм кредит ажратилганлиги тадбиркорлар сафи ой сайин, йил сайин ортиб бораётганлигини исботлайди.

Бу рақамлар шунчаки статис­тика учун келтирилаётгани йўқ. Унинг замирида навқирон авлод орзу-истакларини, салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқаришдек эзгу мақсад ва интилишлар мужассам. Яна бир қувончли жиҳати, бу йўналиш бевосита партиямизнинг ёшлар ўртасида тадбиркорлик соҳасидаги билим ва кўникмаларни пухта шакллантириш, уларнинг бизнес-режаларини амалга ошириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш каби истиқболли дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

“Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми”, айтиш мумкинки, ана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми бўлиб, кўзлаган асосий мақсадимиз шуки, биз билан ҳамнафас, ёнма-ён яшаётган номдор, довруғли, нафақат Марказий Осиё ёки МДҲда, балки дунё миқёсида танилаётган ишбилармон ва тадбиркорлар ортидан бораётган ёш тадбиркор ва фермерларимиз қўлга киритаётган катта-кичик ютуқларни кенг тарғиб қилиш, уларни янгидан-янги марраларга ундаш баробарида ўзига хос мулоқот майдонини яратишдан иборатдир.

Эътироф этишга сазовор жиҳати, бугун барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчи саналган тадбиркорлик ва фермерлик йўналишида халқимиз орзу қилаётган яъни, улкан масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр қатлам етишиб чиқмоқда. Айни пайтга келиб, тадбиркорлик субъектларида ёш раҳбарларнинг улуши 32 фоиздан ошганлиги ушбу фикримизни яна бир карра тасдиқлайди.

Қишлоқ жойларида эса мавжуд фермер хўжаликларининг салмоқли қисмини ёшлар бошқараяпти. Улар томонидан турли хил йўналишларда маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қувонарлиси, мамлакат иқтисодиё­ти ривожига ўз ҳиссасини қўшиш асносида ёш тадбиркор ва фермерлар тенгқурларининг бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу форум ана шундай шижоатли ишбилармон ёшларни бир жойга жамлайди ва ўз иқтидорларини намоён этиш имконини яратади.

– Демак, форумнинг қамров доираси жуда кенглиги аён бўлмоқда. Табиийки, бу ташкилий жиҳатдан ҳам пухта тайёргарликни талаб этади, шундай эмасми?

– Бу борада, албатта, етарли таж­рибага эгамиз. Маълумки, йил давомида республика миқёсида партиявий йўналишдаги кўплаб лойиҳалар доирасида тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Мисол учун, “Ишбилармон талаба – 2016”, “Диплом билан бизнесга”, “Ёш фермер” кўрик-танловлари шулар жумласидандир. Асосийси, O`zLiDePнинг барча бўғинларидаги фаоллар форум юқори савияда ўтиши учун ҳамжиҳатлик, аҳиллик асосида иш олиб боришмоқда. Тадбирга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қошида тузилган Ташкилий қўмита қизғин фаолият юритяпти. ОАВда кенг тарғибот-ташвиқот ишлари аллақачон бошланиб кетди. Шу билан бирга Миллий матбуот марказида форумга бағишланган матбуот анжумани ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятида илғор фермер ва тадбиркорлар билан учрашув, мулоқотлар уюштириш ҳам режалаштирилган. Қолаверса, “Ўзбекистон” телеканалида мунтазам намойиш этилаётган “Муносабат” кўрсатувининг махсус сони айнан ана шу форум дастурига киритилган мавзуга бағишланади. Ва табиийки, форум доирасида қатор ҳамкор ташкилотлар, жумладан, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ўзтадбиркорэкспорт” сингари ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ давра суҳбатлари ўтказилади. Анжуманнинг янада самаралироқ ўтишини таъминлаш мақсадида унга тажрибали экспертлар жалб қилинмоқда. Ёш тадбиркор ва фермерлар мамлакатимиздаги тажрибали соҳа вакиллари ҳамда инвесторлар иштирокидаги махсус мастер-класс, очиқ мулоқотларда бевосита қатнашишади.

Ўйлаймизки, форум кўтаринки руҳда ўтади ва иштирокчилар қалбида илиқ таассуротлар билан ёдда қолади.

O`zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг