Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 02/07/2016 Ёш қутқарувчилар – доимо тайёр!
Ёш қутқарувчилар – доимо тайёр!
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 27-29-июнь кунлари Бухоро шаҳрида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 112 нафар йигит ва қизлар аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича ўз билимларини, шифокор келгунча биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини, турли ускуна-анжомлардан фойдаланиш ва қисқа муддатда тўғри қарор қабул қила олиш маҳоратини намойиш қилдилар.

Қурбонай Жиенбаева, Қорақалпоғистон вакили:

- Жорий йилдаги мусобақаларда қатнашиш жуда ҳам соз бўлди, айниқса эстафета топшриғида. Ҳар бир танловда олдимизда одамларга ёрдам кўрсатиш, уларга ғамҳўрлик кўрсатиш каби вазифалар турарди. Албатта, биз бир-биримизга рақиблар эдик, лекин муҳит жуда ҳам дўстона бўлди ва ҳаммамиз бир-биримизни қўллаб-қувватлаб туришга интилдик.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган 14 жамоа мусобақаларнинг бешта босқичидан ўтиши лозим эди. Бухоро вилоятининг “Шижоат” жамоаси энг яхши жамоа этиб эълон қилинди. Иккинчи ўрин Тошкент вилоятининг “Кимёгар” жамоасига насиб қолди, учинчи ўринни эса Тошкент шаҳрининг “Фидокор” жамоаси эгаллади.

Акмал Турсунов, ғолиб жамоа сардори:

- Мен мазкур мусобақаларда иккинчи маротаба қатнашишим ва бундан жуда ҳам хурсандман, чунки бу ерда инсонийлик, эътибор, атрофдагиларга меҳр-оқибатли бўлиш каби сифатлар янада ёрқинроқ намоён бўлди. Боз устига, биз Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчиларга хос бўлган кўникмаларга эга бўламиз. Биз мусобақаларга олти ой тайёргарлик кўрдик, туман ва вилоят босқичларида ғолиб бўлдик, бугун эса жонажон шаҳримиз финал босқичида ғалаба қозонишимизга ёрдам берди. Ўзимни келажагимни айнан мана шу мутахассисликда кўриш ниятим бор.

Мусобақаларда ҳис-туйғулар ва ғалаба бўлган интилиш жудаям юқори даражада эди: болалар қоқилдилар, йиқилдилар, лекин ҳеч нарсага эътибор бермасдан, қаддиларини ростлаб, кейинги топшириқларни бажариш учун олдинга ҳаракат қилдилар. Қўллаб-қувватловчи гуруҳларнинг олқишлари ва дўстона хитоблари ҳар бир янги балл билан кучайиб борди, томошабинлар танловнинг барча уч куни мобайнида қатнашчиларга фаоллик билан далда бериб туришди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, қатнашчиларнинг хавфсизлигини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари назорат қилиб турдилар.

Ирина Елисеева, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлимининг етакчи мутахассиси:

- “Ёш қутқарувчилар” танлови – бу бизнинг фаҳримиз. Унда, одатга кўра, жисмонан ва маънан иқтидорли болалар иштирок этади. Бундай тадбирларда психологнинг асосий вазифаси – ўғил ва қизлар нафақат ғалабага, балки мағлубиятни ҳам муносиб равишда қарши олишга тайёр бўлишларида уларга руҳий ёрдам кўрсатишдан иборат. Ахир, энг муҳими- бу бирдамлик руҳи, жамоавий бирлик, дўстнинг ишончли мададини ҳис қилиш. Гоҳида ўзларининг ҳис-туйғаларига ҳаддан зиёд берилиб кетган мухлислар- қатнашчиларнинг яқинлари ва қариндошлари билан мулоқот қилишга ҳам тўғри келди. Биз ҳар бир одамга ёрдам кўрсатишга ва улар билан биргаликда болаларни қўллашга ҳаракат қилдик.

Мусобақалар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилди. Ўзбекистондаги БМТнинг Тараққиёт Дастури ва Гуманитар ёрдам ва фуқаролик муҳофазаси бўйича Европа комиссиясининг фалокатларга тайёргарлик кўриш бўйича департаментининг DIPECHO IX дастури томонидан молиявий кўмак кўрсатилди.

Мухаммаджон Комилжонов, “Камолот” ЁИҲнинг Бухоро вилоят кенгаши фаоли:

- Мазкур мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад - ёшларимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фуқаролик муҳофазасида иштирок этишга жалб этиш, фавқулодда вазиятларда ўзини тўғри тута билиш кўникмаларига ўргатишдир. Энг кучлиларни танлаб олиш анчагина мураккаб бўлди, чунки барча болалар финал босқичига чиқиш учун катта масъулият билан тайёргарлик кўришган ва ҳеч ким ғолибликни қўлдан бергиси келмасди. Танлов мусобақаларидан ташқари йигит ва қизлар Бухоро тарихи билан танишиш, қадимий шаҳримизнинг архитектура ёдгорликларини ўз кўзлари билан томоша қилиш каби ажойиб имкониятга ҳам эга бўлдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг