Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида 2023 йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволдаги «қизил» тоифадаги маҳаллаларда «Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла» мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, тижорат банклари масъул ходимлари, вилоят секторлари ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан бирга иш олиб борилди.
Дастлаб ўтган йилнинг август ойида мамлакатимиздаги 14 та маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилган бўлса, айни шу тажриба асосида сентябрь-декабрь ойларида яна 56 та маҳалла янги қиёфа касб этди.
Аниқ рақамлар асосида айтадиган бўлсак, сентябрь-декабрь ойларида 56 та маҳалладаги 42 мингдан зиёд хонадонда ўрганишлар ўтказилиб, хатлов натижалари асосида ушбу маҳаллаларда «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонларини жорий этиш бўйича «Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
«Обод хонадон» мезонлари асосида уй-жойи таъмирга муҳтож ва ўта оғир шароитда яшаётган оилаларнинг 5 мингга яқин турар жойлари таъмирлаб берилган бўлса, «Обод кўча» мезонлари бўйича 675 та кўчада асфальтлаш, шағаллашириш ва бетонлаш ишлари амалга оширилди.
42 минг м2 пиёдалар йўлаги (тротуар) барпо этилди. 271 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 17 км тармоқ эса таъмирланди. 24 та янги ичимлик суви иншооти ўрнатилди, 33 тасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ана шундай тизимли ишларнинг натижасида юртдошларимизни узоқ йиллардан бери ўйлантириб келаётган энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари ҳал этилди.
Албатта, кўп қаватли уйлар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Кўп қаватли 31 та уйнинг 9 минг м2 том қисми, 89 тасининг кириш йўлаклари таъмирланди. Қиш кунлари аҳолини ташвишга солган энергия манбаалари билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини топди. Жами 245 км янги электр тармоғи тортилди, 74 та янги трансформатор ўрнатилиб, 213 таси таъмирланди. Муддати ўтган 6 мингдан зиёд симёғоч бетон устунларга алмаштирилди, 2,5 мингдан зиёд янги қўшимча бетон устунлар, 3,5 минг дона ёритиш мосламалари ўрнатилди. 712 та газ тақсимлаш пункти, 181 км газ тармоғи таъмирланди, олис чекка ҳудудлардаги аҳоли учун 13 мингга яқин суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.
Ободлик остонадан бошланади деган нақлнинг амалдаги исботи маҳаллаларда ўз аксини топди. Биринчи навбатда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг жамоаси учун муносиб шароитлар ҳозирланди. Бугунга қадар «Обод маҳалла» мезонлари асосида 400 га яқин янги ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилди. Шу жумладан,
52 та марказий кўчалардаги маиший объектлар, 53 та маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, 28 та мактаб, 17 та мактабгача таълим ташкилоти, 19 та оилавий шифокорлик пунктлари, поликлиникалар, 19 та аҳоли дам олиш масканлари барпо этилди.
Шу билан бирга аҳолини иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида 10 та касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, 101 та маиший хизмат кўрсатиш, савдо объектлари аҳоли ихтиёрига топширилди.
Маҳаллалардаги ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда бандлик масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Одамларни ишли қилиш, даромадини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Маҳаллаларда 6 мингдан зиёд аҳолининг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Жумладан, 1 729 нафарининг ўзини-ўзи банд қилишга кўмаклашилди,
641 нафари касб-ҳунар ўрганиш учун ўқишга йўналтирилган бўлса, 475 нафарининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашилди.
Субсидия асосида ишсиз инсонларнинг 411 нафарига тикув машинаси ва 179 нафарига иш анжомлари олиб берилди. 1 мингдан зиёд фуқароларнинг 18 млрд. 551 млн. сўм кредит олишига кўмаклашилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги 2 289 нафар фуқарога 4 млрд. 880 млн. сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди.
Шунинигдек аҳолининг саломатлигини текширувдан ўтказиш касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича 13 мингга яқин шахс тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 1093 нафарига даволаниш учун ордер топширилди. Эҳтиёжманд, боқувчисини ёқотган аҳоли вакилларига сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилган бўлса, ногиронлиги бор, имконияти чекланган юртдошларимизга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия воситалари, бепул дори-дармон берилди.
Бу айнан ҳонадонма-хонадон ўрганишлар, Республика ишчи гуруҳининг хулосалари асосида амалга оширилган ишларнинг рақамлардаги кўриниши.
Оилаларда соғлом муҳитни мусаҳкамлаш, асрий анъаналар, миллий қадриятларни муносиб давом эттириш авлодларга тўла тўкис етказш борасидаги хайрли ишлар. Буларнинг бари ҳар бир инсон қалбида бугунги кунга шукроналик, кўтаринки кайфият ва қувонч бағишлайди. Амалга оширилаётган бу каби хайрли ишларнинг натижасини одамларнинг юз кўзида, жажжи болажонларнинг ширин кулгусида кўриш мумкин. Халқни рози қилиш, инсоннинг қадр-қимматини ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар ислоҳотларнинг энг олий мақсадидир.