Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Японияда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг натижасини ўрганиб чиқди.
Японияда қишлоқ хўжалиги бир неча ривожланиш босқичини бошдан кечирди. Ундаги дастлабки туб ўзгаришлар 70-йилларда рўй берди.
Биринчи босқич (1870-1945 йиллар)да ерга нисбатан хусусий мулкчилик тизими яратилди. Дастлаб хориждан қишлоқ хўжалиги техникаси, зотдор чорва моллари, турли хил экин уруғлари ҳамда кўчатлари импорт қилинди ва уларни мослаштириш ишлари олиб борилди. Кадрлар тайёрлаш учун ўқув марказлари, касб-ҳунар таълим муассасалари, мактаб ва коллежлар, университетларда эса махсус ихтисослашган бўлимлар ташкил этилди. Малакали хорижий мутахассислар таклиф қилинди ва маҳаллий мутахассислар хориждаги ўқув йиғинларига юборилди.
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги ютуқларга асосан интенсив усуллар – экин навларини яхшилаш ва уларни етиштириш технологиясини модернизация қилиш орқали эришилди.
Модернизациянинг кейинги босқичида, яъни 1945-йилдан кейин ердан фойдаланиш соҳасида қатъий қарорлар қабул қилинди. Тахминан 2 йил ичида йирик ер эгалиги бутунлай тугатилиб, кичик мустақил фермерлар қатлами яратилди. Узоқ вақт давомида (1980-йилларнинг бошларига қадар давом этган) ерни бошқага беришнинг қонун билан қатъий чекланганлиги сабаб, мамлакатда ишлаб чиқариш кўлами туфайли тежаши ва самарадорликни ошириши мумкин бўлган йирик фермер хўжаликлари шаклланмаган.
Ислоҳотлар умуман олганда, Япония иқтисодиётига ижобий таъсир этиб, саноат ва шахсий истеъмолнинг ўсиши ҳисобига ички бозорнинг кенгайишига ҳисса қўшди. Мамлакатда қишлоқ хўжалигини модернизация қилишда Соҳага оид билимларини тарқатиш бўйича давлат хизмати муҳим ўрин тутади. У қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида илмий ва технологик ютуқларни татбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишда катта рол ўйнайди.
Республикамизда кичик фермер хўжаликлари сонининг кўплиги инобатга олинса, Япония тажрибасини Ўзбекистонга мос, деб ҳисоблаш мумкин. Япониянинг қишлоқ хўжалиги учун кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими алоҳида эътиборга лойиқ.