Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Янги йил ва байрам кунлари давомида Ўзбекистон тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, байрам ва қўшимча дам олиш кунларида тиббиёт муассасаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида махсус штаб ташкил этилган.
28 декабрь – 2 январь кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 40 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Қўшимча ўринлар ва дори-дормонлар захираси яратилган.
Қолаверса, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.
Беморларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда тез тиббий ёрдам хизматининг ўрни беқиёс. Чунончи, Янги йил байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида мазкур соҳа эгалари ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради. Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 2 800 дан ортиқ тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимий шай ҳолда.
Бундан ташқари, байрам кунлари юртимиздаги 230 та туғуруқ, 235 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради. Республика Call-маркази (1003) орқали эса тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан туну кун жавоб олиш мумкин.