Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 01/03/2019 Янги сайлов кодекси тасдиқланди
Янги сайлов кодекси тасдиқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 28 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси бошланди.

Сенаторлар ишни “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.

Ҳужжатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, Президент, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек Марказий сайлов комиссияси фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи сайлов тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини бирхиллаштириш назарда тутилади.

Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида сайловга доир қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш миллий амалиётини умумлаштириш юзасидан муаяйн ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, 20 дан ортиқ мамлакатнинг, шу жумладан Франция, Голландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Белоруссия, Озарбайжоннинг тажрибаси, шунингдек халқаро сайлов стандартлари, шу жумладан ЕХҲТнинг ДИИҲБ тавсиялари, Венеция комиссияси таклифлари ўрганилди.

Сўзга чиққан сенаторлар қайд этганидек, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилиниши сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бирхиллаштиришга кўмаклашибгина қолмай, балки сайловга доир қонун ҳужжатларини ва сайлов амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилади. Масалан, Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилган нормаларга кўра, Экологик ҳаракат вакиллари учун Қонунчилик палатасида депутатлар ўринларини квоталаш институти чиқариб ташланади, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлар ўринларининг умумий сони (150 та ўрин) сақлаб қолинади.

Шунингдек, Сайлов кодексида катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Шу тариқа сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади.

Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик йўли билан белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинмоқда, бу сайловчини “битта сайловчи – битта овоз” принципи бўйича фақат битта сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби татбиқ этилишини таъминлайди.

Ҳам муддатидан олдин овоз бериш, ҳам сайлов куни овоз бериш учун ягона ҳужжат – сайлов бюллетени жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси қонун ҳужжатларидан чиқариб ташланмоқда. Сайловчиларга ўзи ёқлаб овоз берадиган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белгилардан бирини (+, √, x) қўйиш имкони берилмоқда.

Сайлов кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда. Номзодлар туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Таъкидланганидек, Сайлов кодексида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Бунда сайлов комиссияси аъзолари бошқа сайлов комиссияси, сиёсий партиялар аъзолари бўлиши мумкин эмас. Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар сайлов комиссиялари таркибида бўлиши мумкин эмас.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Сайлов кодексининг қабул қилиниши умумий қоидаларни ягона ҳужжатда бирлаштириш ва сайлов жараёнининг тартиб-таомилларига оид масалаларига, шу жумладан участка сайлов комиссиялари ишларига аниқлик киритиш, сайлов кампаниясининг ошкоралиги ва очиқлиги принципларини мустаҳкамлаш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати расмий сайти.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг