Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Ўзбекистон 24/04/2012 Янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
Янги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Шу йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ОАВни ривожлантиришнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Депутатлар, хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалда рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги қонунларининг, Жиноят-процессуал, Фуқаролик-процессуал, Хўжалик-процессуал кодексларининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексига ишни судга қадар юритиш босқичида қўлланиладиган лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари фақат судьянинг санкцияси асосида амалга оширилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бундан ташқари суднинг жиноят иши қўзғатиш ҳуқуқи чиқариб ташланади, иш бўйича айблов хулосасини биринчи инстанция судида ўқиб эшиттириш фақат прокурор томонидан амалга оширилиши белгиланади.

Депутатлар қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишлар суриштирув ва дастлабки тергов чоғида суд назоратини кучайтириш, жиноят процессида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича бир қатор ўзаро боғлиқ вазифаларни ҳал этиш имконини беришини таъкидладилар.

Айни шу орқали фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик каби конституциявий ҳуқуқларини чеклаш билан боғлиқ чораларнинг фақат мустақил, холис ва беғараз орган томонидан қўлланилиши, шунингдек суд муҳокамасида бевоситалилик ва тортишув, исботлаш вазифаси давлат айбловчиси томонидан реал амалга оширилиши таъминланади. Бундай амалиёт Австрия, Буюк Британия, Германия, Польша, АҚШ, Франция, Швейцария ва бошқа шу каби демократик мамлакатларнинг тажрибасига мос келади.

Депутатлар “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Ушбу ҳужжатнинг мақсади хатланган мол-мулкни реализация қилишни тартибга солишдан иборат.

Хусусан, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 56-моддасига мувофиқ хатланган мол-мулкни, шу жумладан, ер участкасини, қурилиши тугалланмаган объектларни, кўчмас мулкни узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқларини, ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқларни, шунингдек хатланган автомототранспорт воситаларини реализация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ажратилган майдончаларда биржалар томонидан ўтказиладиган очиқ аукцион шаклидаги кимошди савдосида амалга ошириб келинган. Айни бир вақтда “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунда кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш, шу жумладан, кўчмас мулк объектларини ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш риэлторлик фаолиятига тегишли эканлиги ва биржалар бундай хизматлар кўрсатишга ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Қонун лойиҳаси билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 56 ва 63-моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда. Уларга биноан хатланган кўчмас мулк риэлторлик ташкилотлари, хатланган автомототранспорт воситалари эса, ихтисослаштирилган савдо ташкилотлари томонидан реализация қилинади. Бундай тартиб юқоридаги моддаларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлайди.

Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасида Меҳнат, Жиноят-ижроия, Солиқ кодексларига, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Хусусий корхона тўғрисида”ги, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, киритилаётган тузатишлар турли тоифадаги фуқароларнинг иш ҳақини улар бажараётган ишнинг характерига қараб ўзгартиришга, амалдаги қонунларнинг айрим нормаларини қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга дахлдордир. Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш назарда тутилган.

“Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 249-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар муҳокамасидан ўтди. Ушбу ҳужжат давлат ёнғин назорати органларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқлаштириш зарурати билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилган. Хусусан, ҳужжатда хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш принципларига (қонунийлик, холислик ва ошкоралик) асосланган ҳолда давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини тартибга солувчи ва мазкур органларда ишловчи ҳар бир мансабдор шахснинг ҳуқуқларини (ваколатини) очиб берувчи нормалар белгиланмоқда. Ёнғин назорати тизимидаги бир қатор лавозимларни тартибга солиш, ушбу соҳада амал қилиб турган қонун ҳужжатларидаги айрим атамалар ва тушунчаларни батафсил аниқлаштириш таклиф этилмоқда.

Кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари ҳар томонлама муҳокамадан кейин биринчи ўқишда қабул қилинди. Масъул қўмиталарга мажлисда депутатлар киритган таклифларни ҳисобга олган ҳолда мазкур қонун лойиҳаларини навбатдаги ўқишга тайёрлаш вазифаси топширилди.

Қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш вақтида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари саволлар ва таклифлар билан иштирок этдилар. Улар кўриб чиқилган қонун ҳужжатлари суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, жойларда қонунийликни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг