Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 20/01/2016 Хусусий ветеринарлар фаолияти янада осонлашди
Хусусий ветеринарлар фаолияти янада осонлашди
Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) -- Яқинда «Ветеринария тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди. Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун 22 йил аввал кучга кирган эди. Ортда қолган вақт мобайнида унинг айрим жиҳатлари замон талабига жавоб бермай қолди.

Парламент қуйи палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан мазкур қонун нормалари инвентаризация қилинганда бу жиҳат яққол кўзга ташланди. Хусусан, унда ветеринария хизматининг бошқа вазирлик ва идоралар билан самарали ҳамкорлик қилиш тартиби мавжуд эмаслиги, давлат ветеринария хизматини бошқариш тизимининг такомиллашмаганлиги, соҳада қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи меъёрларнинг йўқлиги, шунингдек, ушбу соҳада назорат тизимининг ҳуқуқий асослари белгиланмаганлиги ва нобуд бўлган ҳайвонларни утилизация қилиш қоидаларининг акс этмаганлиги аён бўлди.

Ҳар томонлама ўрганилгандан сўнг юқоридаги камчиликлар тўла бартараф этилди ва қонун ветеринария барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган ўндан ортиқ янги модда билан бойитилди.

Қонуннинг пишиқ ва пухта тайёрланишида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси қошида ташкил қилинган Ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Жиззах вилоятлари ва пойтахтимиз Тошкентда «Ўзбекистонда ветеринария соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари» мавзусида давра суҳбатлари ҳам муҳим ролm ўйнади, десак муболаға бўлмайди. Боиси айни тадбирлар давомида мутахассислар, олимлар ва амалиётчилар томонидан 300 га яқин таклиф билдирилди. Улар таҳлилий нуқтаи назардан ўрганилиб, қонунга сингдирилди.

Қолаверса, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида»ги фармонидан келиб чиқиб, идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассаса ва ташкилотларнинг, шунингдек, алоҳида шахсларнинг фаолияти устидан ветеринария-санитария назоратини амалга ошириши каби нормаларга тузатишлар киритилди.

Кези келганда, қонуннинг O`zLiDeP электорати манфаатларини кўзловчи жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Яъни, янги таҳрирдаги қонунда шу соҳада ўз бизнесини бошламоқчи бўлган тадбиркорларга қатор енгилликлар яратилди. Хусусан, хусусий ветеринария фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар штатида ветеринар врач, фельдшер ва техник бўлиши шарт, деб белгиланган норма олиб ташланди. Ушбу моддада келтирилган мажбуриятлар ҳам чиқарилди. Қолаверса, «Ветеринария тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда ҳайвон эгаларининг мажбуриятлари ҳамда эпизоотик тадбирларни амалга оширишда давлат, идоравий ва хусусий ветеринария хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш масалалари акс эттирилиб, ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизмати ва хусусий ветеринария фаолиятида ҳайвонларга хизмат кўрсатишни амалга ошириш меъёрлари белгиланди.

Ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлашдаги давлат ветеринария назоратининг ўрни, уни амалга ошириш тамойиллари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик масаласи аниқлаштирилди. Мамлакатимиз ҳудудини бошқа давлатлардан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоялаш мақсадида ҳайвон ва келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулотларнинг республикамиз ҳудудига кириб келишига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари жорий этилди.

Чорвачилик қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоқларидан саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда қонунда ушбу соҳа объектлари, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини парваришлаш, биологик ва чорвачилик чиқиндиларини қайта ишлаш ва сақлашга нисбатан асосий ветеринария-санитария қоидалари ва меъёрлари ўз аксини топди.

Янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги қонун соҳадаги муносабатларни тизимли равишда мувофиқлаштириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг ўзаро ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш баробарида халқимизни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Рустам ҚОБИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоси.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг