Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан “Ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимлик органлари билан ҳамкорлик муносабатлари” мавзуида республика семинари ташкил этилди.
Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида бўлиб ўтаётган ушбу тадбирда АКТ соҳасида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш, эришилган натижаларни тизимдаги корхоналар ўртасида кенг тарғиб қилиш, соҳа ходимларининг касбий малакаси ва билим даражасини ошириш масалалари кўрилмоқда.
Семинарнинг очилишида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири шуҳрат Содиқов ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов сўзга чиқдилар.
– Кенг мақсадларни кўзлаган мазкур семинар вилоят ҳокимлиги билан биринчи маротаба ўтказилмоқда, – деди Шуҳрат Содиқов:
Семинар ўзаро тажрибалар алмашишга, янги ғоялар туғилишига катта туртки, беради, деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига асосан ҳудудларда ёшларни бўш вақтларни мазмунли ўтказиш, касб-ҳунарга ўргатиш, ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида Рақамли технологиялари ўқув марказлари ташкил қилиняпти. Шундай марказлар, Наманган, Сирдарё, куни кеча Бухоро вилоятида очилди. Хоразм вилоятида 2019-2020 йиллар давомида ана шундай марказлардан 12 та ташкил этилади ва бу марказларда 11 мингдан зиёд хоразмлик ёшлар ўқитилади, 1061 та мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасалари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади, мазкур мақсадлар учун қарийб 111 млрд. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.
Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов вилоятда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун маҳаллий бюджетдан 21 миллиард сўм ажратилишини айтди ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ҳамкорлик янада кучайишига тилак билдирди.
Шундан сўнг, семинар иштирокчилари ТАТУ Урганч филиалидаги ишлар билан танишишди. Хусусан, АКТ вазири ва Хоразм вилояти ҳокими иштирокида филиалда спорт мажмуаси, Ахборот технологиялари ва инновациялар маркази, 200 ўринли талабалар ошхонаси очилди. Талаба-ёшлар туризм, тиббиёт, тижорат, хавфсиз ҳудуд, “Ақлли уй” сингари инновацион лойиҳалари тақдимотини ўтказишди. Мутахассислар АТ “Алоқабанк” билан ҳамкорликда йўлга қўйилган асаларчилик фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов вазирлик томонидан ТАТУ Урганч филиалининг Ахборот технологиялари ва инновациялар марказига “Дамас” автомобилини совға қилди.
Вазирлик томонидан Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги 30-мактабда компютер технологиялари, робототехника, киберспорт бўйича махсус тўгарак ташкил этилган. АКТ вазири ва вилоят ҳокими мазкур тўгаракда бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашишди, уларга китоблар совға қилишди.
Шунингдек, шу куни Хива шаҳрида Рақамли технологиялари ўқув маркази очилди. Тадбирда АКТ вазири ҳамда Хива шаҳар ҳокими иштирок этди. Тадбир иштирокчилари шаҳардаги Хива алоқа тарихи музейи фаолияти билан ҳам танишишди.
Икки кунлик семинар давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати.