Мамлакатимизда гидроэнергетика салоҳиятидан оқилона ва самарали фойдаланиш, кичик оқимдаги сувлардан унумли фойдаланиш, тоза ва арзон электр энергия манбасини ишлаб чиқаришга бўлган талаб ошиб бормоқда.
Бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали мамлакатимиз гидроэнергетика қувватини ҳамда тоза ва арзон яшил электр энергия манбасини ишлаб чиқаришни янада ошириш йўналишида изчил амалий фаолият олиб борилмоқда.
Бугун, 25 декабрь куни Андижон вилояти Хонобод шаҳрида янгидан барпо этилган Хонобод микро ГЭСнинг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Хонобод шаҳри ҳокими Машъалбек Тажибаев, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ масъул раҳбарлари, ҳудудий фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Хонобод шаҳри Ўнг қирғоқ канали ПК-37да барпо этилган ушбу микро ГЭС Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 17 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли Қарорига мувофиқ Жамиятнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан қурилган бўлиб, буюртмачи тизим ташкилоти ҳисобланган “1-сон Қурилиш дирекцияси” УК бўлди. Яна бир тизим ташкилоти – “Гидропроект” АЖ томонидан асосий лойиҳалаштириш ишлари бажарилди.
Мазкур микро ГЭСнинг қуввати 650 кВт, ўртача йиллик 3,6 млн. kVt.soat электр энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Мазкур микро ГЭСда ҳар бирининг қуввати 325 кВтдан бўлган 2 та горизонталь “Каплан” туридаги S-турбинали гидроагрегатлар ўрнатилган. Бу турдаги агрегатлар Республикамизда биринчи марта ўрнатилди. Афзаллиги – микро ГЭС 6 м3/с сув сарфи билан тўлиқ қувватда ишласада, лекин битта агрегат атига 1 м3/с сув билан ҳам электр энергия ишлаб чиқаради.
Хонобод микро ГЭС ишга тушиши натижасида маҳаллабай тизим орқали “Тейит” ҳамда “Янги ҳаёт” маҳалласининг қарийб 1 500 та хонадони электр энергия билан таъминланади.
Шу билан бирга, бир йилда ўртача 1 млн. м3 табиий газ иқтисод қилинади.
ГЭСда барча ускуналар маҳаллий ишлаб чиқариш доирасида ўзимизда ишлаб чиқарилган. Тизим ташкилоти ҳисобланган “Сувсаноатмаш” АЖда ГЭС учун зарурий бўлган барча жиҳозлар ишлаб чиқарилди.
Гидроэнергетика соҳасининг ривожи мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш баробарида, янги қурилаётган ГЭСлар жойлашган ҳудудларнинг аҳолиси турмуши фаровонлигининг ошишига, хонадонларининг янада нурафшон бўлишига хизмат қилади.