Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 03/02/2022 Хитойнинг «Beijing Review» журнали Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишлари ҳақида
Хитойнинг «Beijing Review» журнали Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишлари ҳақида

Хитойнинг нуфузли «Beijing Review» журнали саҳифаларида Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда эришган ютуқлари, келгусидаги ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, шунингдек, Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг 30 йиллик дипломатик муносабатлари натижалари, томонларнинг БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди. 

Материалда таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги йилларда Ўзбекистон барқарор ва жадал ривожланаётган давлатга айланди. Иқтисодиёт, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларига юксак баҳо берилмоқда.

“Beijing Review” ўз ўқувчиларини мамлакатни сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча йўналишлари бўйича устувор мақсад ва вазифаларни қамраб олган “2022-2026-йилларда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” билан таништиради.

Яна бир мақолада Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини амалга оширишнинг бугунги натижалари очиб берилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги янги минтақавий сиёсати туфайли минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Дўстлик ва ўзаро манфаатларга асосланган фаол минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг замонавий тарихида янги ижобий бурилиш нуқтаси бўлгани таъкидланди.

Янги стратегия доирасида, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари қаторида мамлакат бўйлаб хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик камарини яратиш алоҳида ўрин тутади.

Нашр деярли барча соҳаларда Хитой-Ўзбекистон кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг ҳозирги тенденциясини юқори баҳолайди. Икки томонлама ҳамкорликнинг бундай жадал ривожланишининг асосий омили олий даражадаги фаол сиёсий мулоқотдир.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликдаги ютуқларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хитой Ўзбекистон товарлари учун энг йирик экспорт бозори ҳисобланади. 2021 йилда Ўзбекистон ташқи савдосининг умумий ҳажмида Хитойнинг улуши 17,7 фоизни ташкил этди. Ўзаро товар айирбошлаш таркибида нафақат миқдорий, балки сифат жиҳатидан ҳам ўзгаришлар мавжуд.

“Ўзбекистонга Хитой сармоясининг йиллик ўсиши 40-50 фоиз оралиғида. Бугунги кунда Хитойнинг бевосита сармояси Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли барча тармоқларида мавжуд. Улар орасида нефт-газ саноати, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фарматцевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқалар бор”, — деб ёзади “Beijing Review”.

Нашрнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини берган энг муҳим омиллардан яна бири миллий иқтисодиётни либераллаштириш жараёнлари бўлиб, бу икки давлат ўртасидаги сармоявий ва савдо ҳамкорлигини кенгайтириш учун барча эшикларни очган.

Бошқа материалларда икки давлатнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитойнинг ШҲТ доирасидаги ҳамкорлиги натижалари, шунингдек, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга раислиги давридаги устувор мақсадлари акс эттирилган.

“Умуман олганда, мамнуният билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини икки давлат ривожланиши, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги кўзга кўринган ютуқлар шароитида нишонламоқда. Бу Ўзбекистон ва Хитой халқлари фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб бораётган Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг ажойиб истиқболларига ишонч билан қараш имконини беради”, — дея хулоса қилади нашр.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг