Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой Интернет маълумотлари маркази ҳисоботига кўра, 2024 йил декабрига келиб, Хитойда интернет фойдаланувчилари сони 1,108 миллиардга етди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг охирига нисбатан 16,08 миллионга кўп. Интернет қамрови даражаси 78,6% ни ташкил этди.
2024 йил Хитой интернетга уланганига 30 йил тўлди. Мамлакатда дунёдаги энг йирик интернет инфратузилмаси яратилган бўлиб, замонавий технологиялар асосида ривожлантирилмоқда. Бу рақамли иқтисодиётнинг тезкор ривожланишига кўмаклашмоқда.
Бир миллиарддан ортиқ хитойликлар онлайн тўлов хизматларидан фойдаланади, интернет орқали харидлар қиладиган фойдаланувчилар сони эса 974 миллионга етган. Хитой чакана онлайн сотув ҳажми ва мобил тўловлар мавжудлиги бўйича дунёда етакчи ўринда қолмоқда.
Хитой Давлат статистика бошқармаси маълумотига кўра, 2024 йилда мамлакатда чакана онлайн сотув ҳажми 15,52 триллион юанни (тахминан 2,15 триллион АҚШ доллари) ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 7,2% га кўп. Жисмоний товарларнинг онлайн сотув ҳажми 6,5% га ўсиб, 13,08 триллион юанни ташкил этди ва умумий чакана сотув ҳажмининг 26,8% ни эгаллади.
Саёҳат хизматлари соҳасида онлайн хизматлар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Онлайн саёҳат брон қилиш хизматларидан фойдаланувчилар сони 548 миллионга етди, бу йил давомида 39,35 миллионга кўпайган. Улар умумий интернет фойдаланувчилари сонининг 49,5% ни ташкил этди.