14 декабрь куни Тошкент шаҳрида худди шу мавзуга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Халқаро миграция ташкилотининг мамлакатимиздаги миссияси ҳисобланади.
Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли давлат муассасалари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ва академик доиралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди. Тадбирда, шунингдек, Халқаро миграция ташкилотининг Бош қароргоҳи (Женева, Швейцария), Минтақавий офиси (Вена, Австрия), Миграция маълумотларини таҳлил қилиш глобал маркази, ушбу халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги ваколатхоналари ходимлари ҳамда экспертлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси, мазкур халқаро ташкилотнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги миссиялари раҳбари Зейнал Гаджиев давра суҳбати иштирокчиларини қутлар экан, бугунги кунда миграция ва мигрантлар барча давлатлар иқтисодиёти, эркин савдо ва инновация жараёнларида сезиларли мавқега эгалигига эътиборни қаратди.
Шу сабабли халқаро ҳамжамият 2018 йилда Марокаш шаҳрида “Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартнома”ни маъқуллади. Ўз навбатида, Ўзбекистонда мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”да меҳнат миграциясини тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Шу асосда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мунтазам такомиллаштирилмоқда.
Бу борада Президентимиз томонидан 2019 йил 20 августда “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармон, 2020 йил 14 сентябрда эса "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинганини ҳам таъкидлаш лозим.
Халқаро давра суҳбати аввалида Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномага бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шундан сўнг халқаро, минтақавий ва миллий экспертлар ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини атрофлича таҳлил қилдилар. Жумладан, Глобал шартноманинг БМТ асосий ҳужжатлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқлиги алоҳида қайд этилди.
Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган муҳокамаларда Женевада жойлашган Халқаро ҳуқуқ институти (Швейцария) аъзоси, Лондондаги “Кинг Коллеж” университети (Буюк Британия) ҳамда Таллин университети (Эстония) фахрий профессори Рейн Мюллерсон, Халқаро миграция ташкилотининг Венадаги минтақавий офиси ходими Лоран Симон Ван Аш, Халқаро миграция ташкилотининг Миграция тўғрисидаги глобал шартнома бўйича эксперт-маслаҳатчиси Эльмира Хисамутдинова, БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари, Россия Халқлар дўстлиги университети “Халқаро ҳуқуқ” кафедраси мудири, Москва давлат халқаро муносабатлар институти профессори Аслан Абашидзе ва бошқа экспертларнинг маърузалари тингланди.
Давра суҳбати доирасида хавфсиз, тартибли ва қонуний миграциянинг миллий тизимини ривожлантириш бўйича бир қатор намунали тажрибалар тақдим этилди.
Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани амалга ошириш борасидаги илғор мамлакатлар, хусусан, Озарбайжоннинг амалий тажрибаси ўрганилди.
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида миграция масалалари бўйича мулоқот ва тажриба алмашинувига кўмаклашиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Минтақамизнинг барча давлатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Глобал шартномани қўллаб-қувватлагани ҳамда БМТнинг мазкур халқаро ҳужжатни амалга оширишга оид минтақавий йиғилишларида ўз миллий маърузалари билан қатнашгани эътироф этилди.
Тадбирда Марказий Осиё мамлакатларига Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани имплементация қилишга кўмаклашиш мақсадида тегишли минтақавий дастур ишлаб чиқилгани ҳақида батафсил сўз юритилди. Дастур Халқаро миграция ташкилотининг Миграция учун ресурсларни тақсимлаш бўйича қўмитаси молиявий кўмаги билан изчил амалга оширилмоқда.
Ушбу минтақавий дастурни бажаришда Халқаро миграция ташкилоти Марказий Осиё давлатларининг тегишли вазирлик ва идоралари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда. Дастурнинг асосий йўналиши –Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномада белгиланган мақсадларига эришиш учун минтақа мамлакатлари салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат.