Жиззах шаҳридаги Жиззах махсус индустриал зонаси маъмурий биноси конференциялар залида бўлиб ўтган учрашув, бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар билан видео-конференция шаклида ташкил этилди.
Тадбирни Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати, Жиззах тумани транспорт ва саноат касб-ҳунар коллежини директори Қурақбой Эргашев очди ва олиб борди.
Даставвал, номзоднинг ишончли вакили Носир Сиддиқов сўз олиб, Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.
Шундан сўнг, сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.
Хатамжон Кетмонов дастлаб, Жиззах вилоятида мустақиллик йилларидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталиб, 2013-йилда ташкил этилган «Жиззах» махсус индустриал зонаси нафақат вилоят балки, республика иқтисоди учун, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юксак технологияли ва инновацион ишлаб чиқаришларни барпо этиш мақсадидаги энг муҳим лойиҳа эканлигини ҳақида сўзлади.
Бугунги кунда вилоятда жами 32 та қўшма корхона фаолият юритиб, уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда енгил саноат маҳсулотлари эканлиги ҳақида тўхталди.
Бир томонда Чимқортоғ ва Молгузар, бир томондан Нурота тизма тоғлари, яна бир томондан эса Айдаркўлга туташган бой табиий шарт-шароитга эга бу ҳудуд гўзал ва мафтункор табиати билан энг аввало, экотуризмнинг ривожланишига хизмат қилишини эътироф этди. Бундай мафтункор табиат, мусаффо ҳаводан нафас олиб яшаётган халқнинг сиёсий онги ва тафаккури, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт келажагига нисбатан дахлдорлик туйғуси ниҳоятда юксак бўлиши табиий эканлигини ва бу ўз навбатида очиқ фуқаролик жамиятининг асосий шарти бўлиб, фуқароларнинг ҳоҳиш иродасини ифода этувчи сайловлар жараёнида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, дастур, аввало, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг Парламентдаги кўпчилик – демократик кучлар Блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланишини айтди.
Жумладан, номзод ўз дастурида илгари сураётган бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражасини яхшилашда фойдаланиш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътиборни кучайтириш ҳақида тўхталди
Шунингдек, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар.
Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши борасидаги амалга оширилаётган стратегиянинг муҳим ижтимоий йўналиши аҳоли турмушининг сифатини ошириш, жумладан, уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида, давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар-жой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш масаласини қўллаб-қувватладилар.
Бундан ташқари, сайловчилар, номзод Сайловолди дастурида жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш учун ижтимоий объектларда ногиронларга махсус кириш йўлаги – пандуслар ҳамда уларга мослаштирилган пиёдалар йўлакчалари бўлишини таъминлаш, мавжуд барча бино ва иншоотларни ногиронлар кира олишлари нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш ҳамда йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш бўйича берилган таклифларни ижобий баҳоладилар.
Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.
Ўзбекистон ХДП МК Матбуот хизмати