Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 21/02/2019 Халқаро молия корпорацияси иштирокида Навоий вилоятида 100 МВТ қувватга эга фотоелектр станцияси қурилади
Халқаро молия корпорацияси иштирокида Навоий вилоятида 100 МВТ қувватга эга фотоелектр станцияси қурилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида халқаро молия корпорациясининг вице-президенти Джоржина Бейкер раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистондаги лойиҳаларни, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида Вашингтонга ташрифи чоғида имзоланган Навоий вилоятида 100 МВТ қувватга эга фотоелектр станцияни ХМК иштирокида қуриш лойиҳасини муҳокама этдилар.

Ўзбекистондаги аеропортларни модернизация қилиш ташаббуси доирасида Джоржина Бейкер консалтинг хизматлари учун инвесторлар ва грант маблағларини жалб қилишни таклиф этди. Бундан ташқари, ХМК ҳамда Вазирлик ўртасида давлат инвестиция дастурлари ва кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда ўрта ва узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Д.Бейкернинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 18 февраль куни Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, давлат органлари, миллий холдинг компаниялари, саноат бирлашмалари ва акциядорлик-тижорат банклари вакиллари иштирокида хусусий сектор диагностикаси тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот иштирокчиларига “Ўзбекистонда бозорларни яратиш” номли ҳисобот тақдим этилди, унда хусусий секторнинг мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишига қўшган ҳиссасини кенгайтириш бўйича маълумотлар берилди.

Давлат ва хусусий секторда манфаатдор томонлар иштирокида Халқаро молия корпорацияси ва Жаҳон банкининг биргаликда тайёрлаган тадқиқотида Ўзбекистон экспортга йўналтирилган иқтисодиётни фуқаролик авиацияси, ахборот-коммуникация технологиялари, кимё саноати ва мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олган бир қатор тармоқларни ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш йўли билан хусусий сектор орқали таъминлаши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Жаҳон банки гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг биринчи босқичи –тартибга солувчи муҳитни ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаш, иккинчиси – амалга оширишда ёрдам бериш, учинчиси эса инвестицияларни жалб қилишдир.

Фуқаро авиацияси соҳасида хавфсизлик жиҳатидан жавоб берадиган ва ҳаво сафарлари келишувларини янада либераллаштиришга қаратилган алоҳида органларни ташкил этиш орқали ҳаво транспортининг асосий фаолиятини тартибга солиш ва қайта тузиш таклиф этилди.

АКТ бўйича давлатни ушбу соҳани тартибга солиши борасидаги аҳамияти асосий масалалардан бири ҳисобланади ва бу ўз навбатида тартиб-қоидалар ҳамда назорат функцияларини модернизация қилишни талаб этади.

 

ХМК делегацияси фикрига кўра, кимё саноати Ўзбекистонда изчил ислоҳотларни амалга оширишнинг энг муҳим бўғинига айланиши мумкин. Бу ўринда ишлаб чиқариш ва бизнесдан тартибга солиш ва назорат функцияларини ажратиш, “Ўзкимёсаноат” ва “Ўзбекнефтгаз” стратегиясини мувофиқлаштириш, субсидияларни, нарх-наволарни ва экспортни назорат қилишни босқичма-босқич бартараф этиш таклифи берилди.

Шу билан бир қаторда, қишлоқ хўжалигига хусусий секторни жалб қилиш учун давлат ва хусусий стандартларни жорий этиш, экспорт қилинадиган мева ва сабзавотларни сертификатлаш, шунингдек, бир қатор экин навларини етиштириш, табиий ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун замонавий суғориш тизимларини жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига инвестицияларни жалб қилиш таклифи ҳам айтиб ўтилди.

Ўз навбатида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти ўз тақдимотида хусусий секторда иш билан бандлик масаласида ҳукумат томонидан бир қатор чекловлар, хусусан “прописка” масаласи бекор қилинганлигини, экспорт сиёсати соҳасида Республика юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни яратиш, хом ашё ва энергия ресурсларидан фойдаланишни қисқартиришни мақсад қилганлиги, шунингдек, кимё саноати билан бир қаторда нефт-газ саноати ва энергетика каби асосий тармоқларда нархларни тартибга солиш жараёни давом этаётганлигини айтиб ўтди.

Тадбир якунида мамлакатнинг хусусий секторини диагностика қилиш кенг қамровли таҳлил талаб этиши ҳамда иқтисодий ривожланиш масалаларида хусусий секторни рағбатлантириш ва жалб қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг