Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 11/03/2022 «Халқаро баҳолаш ва таълим сифатини тадқиқ этишнинг долзарб муаммолари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция
«Халқаро баҳолаш ва таълим сифатини тадқиқ этишнинг долзарб муаммолари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ҳамкорлигида жорий йилнинг 11-12 март кунлари “Халқаро баҳолаш ва таълим сифатини тадқиқ этишнинг долзарб муаммолари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Маълумки, дунёда юздан ортиқ давлатлар ўз мамлакатида жорий этилган таълим сифатини холисона баҳолаш мақсадида PISA, TIMSS, PIRLS, TALIS, EGRA ҳамда EGMA каби халқаро баҳолаш тадқиқотларида иштирок этадилар.

Ўзбекистон Республикаси ҳам мазкур халқаро баҳолаш тадқиқотларида илк бора иштирок этмоқда. Яъни, PISA ва бошқа халқаро баҳолаш тадқиқотлари дастурларидаги иштирокини босқичма-босқич амалга оширмоқда. 

2019 йил 29 мартда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, унда PISA халқаро баҳолаш дастури тадқиқотлари иштирокчи давлатлар рейтингида кучли 30 талик мамлакатлар қаторидан жой олиш, шунингдек, тадқиқот натижаларидан фойдаланган ҳолда умумтаълим мактабларида таълим сифатини баҳолаш миллий тизимини такомиллаштириш бўйича улкан вазифалар белгиланган.

Халқ таълими вазирлиги бошчилигида мазкур халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш мақсадида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан қатор ишлар амалга оширилди. PISA, TIMSS ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш мақсадида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан "STesting” лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ тренажёр видеолар яратилди ва «STesting» платформаси ишга туширилди. 

«STesting» электрон платформаси – халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) доирасидаги топшириқлар билан ишлаш кўникмасини шакллантиришга қаратилган электрон тизим ва видео маҳсулотларни ўз ичига олган платформадир. Платформага 1500 тадан ортиқ тестлар жойлаштирилган. 

Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, тестларни ечиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган мазкур электрон платформа сентябрь-октябрь ойларида белгиланган мактабларда тажриба синовидан ўтказилди. Энг муҳим жиҳатларидан бири ушбу тест тренажёр платформадан фойдаланиш мутлақо бепул. Бугунги кунга қадар ушбу платформада 2,6 миллиондан ортиқ ўқувчи рўйхатдан ўтган ва уларнинг диагностик баҳолаш натижалари таҳлил қилинган.

Ташкил этилган конференцияда шу каби эришилган дастлабки натижалар тўғрисида халқаро ташкилотлар, ҳукумат вакилларига маълум қилиниб, ҳамкорликдаги фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича фикр алмашиш режалаштирилган.

Конференциянинг асосий мақсади:

а) Мамлакатимизнинг халқаро баҳолаш тадқиқотлари дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича саъй-ҳаракатларини сарҳисоб қилиш;

б) А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва лойиҳалар натижалари билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;

с) Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро баҳолаш дастурлари ёрдамида таълим сифатини тадқиқ қилиш, мактабларда таълим сифатини яхшилаш ва ўқувчиларни халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёрлаш даражасини янада ошириш бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар асосида, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга тадбиқ этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

 Мазкур халқаро конференцияда халқаро баҳолаш тадқиқот дастурларига тайёргарлик даражаси, эришилган ютуқ ва камчиликларни аниқлаш, бошланғич синф ўқувчиларининг билим даражаси EGMA, EGRA ва PIRLS

халқаро баҳолаш дастурлари доирасида олиб борилган тадқиқот натижалари асосида аниқлаш, халқаро баҳолаш дастури натижалари асосида умумтаълим мактабларида таълим сифатини баҳолаш миллий тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда мактаб ўқувчиларининг келажакдаги халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик даражасини оширишда таклифлар тайёрлаш кўзда тутилган. 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг