WORK SHOP MONTENEGRO 2023: туризмни ривожлантиришнинг янги истиқболлари
Бугун, 25 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон ва Черногория сайёҳлик тадбиркорлари ўртасида икки томонлама очиқ мулоқот – WORK SHOP MONTENEGRO 2023 бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистоннинг “Prestige Travel” компанияси ва Черногориянинг “R-Tours Budva” компаниялари ташаббуси билан Маданият ва туризм вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Aъзамов, икки мамлакатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва сайёҳлик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
“Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида туризмнинг ўрни ортиб бормоқда. Ўтган йили мамлакатимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони – 5,2 миллион киши, сайёҳлик хизматлари експорти ҳажми – 1,6 миллиард AҚШ доллари бунинг далилидир.
Жорий йилда Европадан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони кескин ошиши кутилмоқда. Бунда Черногория давлати билан туризм соҳасидаги икки томонлама муносабатларимиз алоҳида ўрин тутади.
Мамлакатимизнинг тарихий жойлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан танишиш истагида бўлган Черногория фуқаролари сони ортиб бораётганини қадрлаймиз ва уларни мамлакатимизда кўришдан хурсанд бўламиз”, — деди Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Aъзамов.
Жорий йилда Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сони 7 миллион кишига етиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини дунёга намойиш этиш, Европа давлатларидан келаётган сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантириш, соҳанинг ўсиш суръатларини ошириш учун шарт-шароит яратилмоқда. Бугунги кунга қадар мамлакатимизда 5 мингга яқин жойлаштириш объекти фаолият кўрсатмоқда, мамлакатимизда сайёҳларни жойлаштириш жойлари сони 100 мингдан зиёдга етди.
Маданият ва туризм вазирлиги томонидан туризм соҳасидаги тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда янги туристик йўналишларда фаолият юритиш учун имкониятлар яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу аҳолининг туризм маданиятини юксалтириш ва уларнинг сифатли дам олиши учун шароит яратади.
Ушбу тадбирни ташкил этишда етакчилик қилган “Prestige Travel” компанияси 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, компания ҳали ҳам Ўзбекистоннинг янги йўналишларига парвозларни йўлга қўйиш бўйича муҳим ташаббусларни кўрсатмоқда.
Жумладан, 2018 йилда “Prestige Travel” биринчи марта Тошкентдан Мисрнинг Шарм аш-Шайхига тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди. Шунингдек, 2021 йил май ойида Мисрнинг энг йирик сайёҳлик марказларидан бири бўлган Хургадага тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди, жорий йилда эса Въетнамнинг «Phu Quok» оролига янги йўналиш очилди. Бундан ташқари, 2022 йилнинг ёзида Въетнамнинг курорт шаҳарларидан бири бўлган «Nxa Trang»га тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди.
Бугунги куннинг энг долзарб янгиликларидан бири шуки, 2023 йилнинг июнь ойидан бошлаб “Prestige Travel” Черногорияга тўғридан-тўғри рейсларни очади ва муҳими, Ўзбекистон фуқаролари Черногорияга саёҳат қилиш учун визага муҳтож бўлмайди.