Wildberries маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бўлимини ишга туширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда энг йирик онлайн савдо платформаларидан бири бўлган Wildberries ўз каталогида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли махсус бўлимни ишга туширди. Ушбу бўлим Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бағишланган.
Эндиликда турли мамлакатлардан бўлган харидорлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни янада осон топа оладилар — бунга платформа каталогидаги янги визуал белгилар ва алоҳида бўлим сабаб бўлмоқда. Ушбу бўлимда маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар — текстиль ва косметик воситалардан тортиб, уй-рўзғор буюмлари ҳамда озиқ-овқатгача жамланган. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси харидорларга тезда йўналтиришга ёрдам беради ҳамда кафолатланган келиб чиқишга эга оригинал маҳсулотни танлаш имконини беради.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бўлимига киритилишни истаган ишлаб чиқарувчилар махсус тасдиқлаш жараёнидан ўтишлари лозим. Бунинг учун улар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига мурожаат қилиб, верификациядан ўтишлари ва тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак.
Мазкур ташаббус маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ўзбек компанияларининг экспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда миллий брендларни халқаро бозорларида тарғиб қилишга қаратилган. Wildberries ва ИССВ ўзаро ҳамкорликда онлайн экспортни ривожлантириш ва ўзбек маҳсулотларининг глобал рақамли платформалардаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги ишларни давом эттирадилар.