Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – «Ўзбекнефтгаз» АЖда компания раҳбарияти ва «ВТБ Капитал» (Россия Федерацияси) инвестиция банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар дунёнинг қатор йирик инвестиция фондларининг портфель менежерларини Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Йиғилиш давомида хорижий томонга «Ўзбекнефтгаз» АЖ дунёнинг этакчи рейтинг агентликларидан халқаро корпоратив рейтингни олиш бўйича олиб борилаётган тизимли таёргарлик ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Хорижий томонга Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасига инвестиция афзалликлари ва шартлари ҳақида маълумотлар берилди, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ҳақида айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, ВТБ Капитал рейтингларда етакчи ўринни эгаллаб, халқаро капитал бозорларида фаол ишламоқда. Инвестиция банки қарз ва капитал бозорларида 830 дан ортиқ битимларга қатнашди ва бу Россия ва МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига 290 миллиард доллардан ортиқ маблағни жалб қилиш имконини берди.
Учрашув якунида томонлар кўп томонлама ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш ва мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар. Яқин келажакда бу хорижий сармоядорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга ва Ўзбекистон нефть ва газ саноатига бозор молиялаштирилишига имкониятларни кенгайтиришга ёрдам беради.
Манба: «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.