Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 02/06/2016 Воҳалик фермерлар иштирокида амалий семинар ташкил этилди
Воҳалик фермерлар иштирокида амалий семинар ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши ҳамкорлигида Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини тадбиркор ва фермерлар орасида тарғибот-ташвиқотига қаратилган ҳудудларда “Ўзбекистон фермерлари - дунё эътирофида” мавзуида амалий семинарлар ташкил этилмоқда.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоят фермерлари иштирокидаги амалий семинар Ғузор туманидаги “Истиқлол” кўп тармоқли фермер хўжалиги дала шийпонида бўлиб ўтди.

Дастлаб семинар иштирокчилари Ғузор туманидаги “Истиқлол” кўп тармоқли фермер хўжалигидаги сархил мевалар етиштирилаётган интенсив боғларни бориб кўрдилар, барпо этилган ишлаб чиқариш корхоналари, меваларни қайта ишлаш мини заводи, иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

- Аввало мазкур семинарнинг хўжалигимизда ўтказилаётгани биз учун катта бахт, - дейди Ғузор туманидаги “Истиқлол” фермер хўжалиги раиси Ғайрат Пўлатов. – Фермерлик қилаётганимга йигирма йилдан ошди. Ўтган йиллар мобайнида тинимсиз изланиб, берилаётган преференция ва имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга эришдим. Бизда 59 нафар киши иш билан банд бўлса, уларнинг 40 нафари тумандаги касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари ҳисобланади.

Ҳозирда бизнинг фермер хўжалигимиз пахта ва ғалладан ташқари 17 гектар майдондаги боғимизда йигирмага яқин сархил мевалар етиштирилмоқда. Пьюрини қайта ишлаб, наъматак шарбати ишлаб чиқарадиган цехимиз бор. 1 гектар майдондаги иссиқхонада лимон, помидор етиштирамиз. Германия технологияси асосида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариб, туман аҳолисини таъминлаяпмиз. Биз боғларимиздаги дарахтлар оралиғига сабзавот маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйганмиз. Бу дарахтлар ҳосилдорлигига таъсир этмасдан, ерларнинг унумдорлигини ошираяпти. Бугунги тадбирдан сўнг яна 5 та янги лойиҳани амалга оширишни режа қилиб олдик.

Семинар иштирокчилари томонидан таъкидландики, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириш, уларни экспорт қилиш борасида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини қишлоқ аҳолиси, айниқса, деҳқон ва фермерларга етказиш, фермер хўжалиги раҳбарларининг касбий билим ва кўникмалари, ҳуқуқий саводхонлиги, сиёсий фаоллигини ошириш, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқ ва қўлга киритилган натижалар асосида илғор тажрибага эга бўлган фермер ва тадбиркорларнинг амалий ишларини кенг тарғиб қилиш, тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратиш тармоқ ривожига хизмат қилади.

-Ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва фермер хўжаликларининг фаолиятини рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор қишлоқ меҳнаткашларининг ғайратига-ғайрат қўшмоқда, - дейди Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги “Абдураҳмон Абдуғаффор Давр” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Нурбобо Турсунов. - Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир. Бугунги тадбирда Президентимизнинг ушбу қарори ижросини ҳаётга кенг татбиқ этиш борасидаги амалий ишлар билан танишилиб, фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Ўтган йили фермер хўжалигимиз томонидан хорижга карам, кўк пиёз, қизил лавлаги, ҳар хил кўкатлар, цитрус мевалар экспорт қилган эдик. Жами экспорт миқдори 8 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу йил бу кўрсаткич 11 млн. долларни ташкил этди. 2 минг тонна мева-сабзавотни сақлашга мўлжалланган совуткичимиз ишлаб турибди, худди шу сиғимдаги иккинчисини барпо этаяпмиз. 10 гектар майдонда интенсив боғ яратганмиз. Пластмасса қутилар ишлаб чиқариш цехимиз бор. Узумзорлар учун бир ойда 5-10 минг дона симбоғоз ишлаб чиқарадиган цехни ишга туширамиз. Сариосиёда 870 гектар майдонда анорзорлар парвариш қилинаяпти. Анор сокини ишлаб чиқариб, хорижга экспорт қилиш лойиҳасини йил охирига қадар амалга ошириш ниятидамиз.

Таъкидландики, истиқлол йилларида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ фермер хўжаликлари аграр тармоқнинг етакчи кучига айланди. Биргина Қашқадарё вилоятида ўтган йили 2284 та кўп тармоқли фермер хўжалигида қўшимча тармоқлар шакллантирилиб, қишлоқлар аҳолиси учун 8 мингдан ортиқ янги ва қўшимча иш ўринлари яратилди. Жорий йилда вилоятда 496 гектар ер майдонида интенсив боғлар ва 507 гектар токзорлар барпо этилиб, 814 та янги иш ўринлари яратилди. 705 минг тонна сабзавот, 261 минг 700 тонна картошка, 475 минг тонна полиз маҳсулотлари, 200 минг тоннага яқин мева ва 128 минг 652 тонна узум етиштириш режалаштирилган. Шунинг билан бир қаторда вилоятда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини қайта ишлайдиган 27 та янги корхона, қуввати 10,4 тонналик 32 та янги совутиш камераси ташкил этилиб, модернизация қилинди. Мева сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 29 минг тоннага етказилди. Натижада вилоят аҳолиси учун 10 мингта янги иш ўрини яратилиб, уларнинг тенг ярмида касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари бандлиги таъминланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг