Вивек Бадринат: Ўзбекистондаги янги тартиблар 2029 йилгача ЯИМ ўсишини 1,3%га оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мобил хизматлар учун акциз солиғи бекор қилиниши ва тармоқ ускуналари импорти учун божхона тўловларининг камайтирилиши Ўзбекистон ЯИМини 2029 йилгача 1,3%га ошириш имконини беради. Бу ҳақда GSMA бош директори Вивек Бадринат Тошкентда ўтказилаётган M360 Eurasia халқаро форуми доирасида маълум қилди.
«Бугунги кунда ишонч — рақамли тангликни бартараф этиш, 5G ва сунъий интеллект салоҳиятини тўлиқ очиб бериш, ҳамда иқтисодий ўсишни рағбатлантиришда асосий омилдир. Бу ишончни эса, аввало, тўғри сиёсат ва тартиб-қоидалар таъминлайди», — дея таъкидлади Бадринат.
У айниқса мобил соҳани ривожлантиришга қаратилган солиқ сиёсатидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратди.
«Мобил хизматлар учун акцизнинг бекор қилиниши ва тармоқ ускуналари учун импорт божларининг пасайтирилиши 3,3 миллионгача янги уланишлар, мобил кенг полосали интернет қамровини 8% га ортиқ ошиши ва, энг муҳими, 2029 йилгача мамлакат ЯИМининг 1,3%га ўсишига олиб келади. Бу барча бозор иштирокчилари ва давлат учун фойдали ҳолатдир», — деди GSMA бош директори.
Шу билан бирга, у 5G технологияларини кенг жорий этиш учун қулай шароит яратиш муҳимлигини қайд этди:
«5Gни тўлиқ ишга тушириш учун операторларга 3,5 ГГц диапазонида 100 мегагерцли каналлар, шунингдек, келажакда 6 ГГц диапазонидан фойдаланишга тайёргарлик керак. Фақат шундай шароитлар мавжуд бўлса, тармоқнинг барқарор ривожи ва янги рақамли хизматларнинг кенгайишига умид қилиш мумкин».
Вивек Бадринат таъкидлаганидек, барқарор ва шаффоф тартибга солиш муҳити яратилиши — рақамли трансформация муваффақияти ва Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш гаровидир.