Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014-йил 1-августдаги “2014-2018-йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида аҳоли, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Бундай эзгу ишларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди соҳага оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш, бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро фонди ва бошқа муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида туғма юрак нуқсони, қўл-оёқ бўғимлари, тери куйиши асоратлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган бир гуруҳ болалар бепул соғломлаштирилди.
Ўтган йили мазкур шифохонада Жанубий кореялик шифокорлар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказган эди. Кўрик давомида 100 дан зиёд бемордаги катаракта бартараф этилди ва кўз гавҳари сунъийсига алмаштирилди.
Бу йилги акцияда ҳам ушбу вилоятлардан келган беморлар Жанубий кореялик малакали шифокорлар кўригидан ўтказилмоқда. Аниқланган касалликлар жарроҳлик амалиёти билан бартараф этилаётир, деб хабар беради ЎзА.
Фарғона вилояти офтальмология шифохонасидаги шароитлар, замонавий асбоб-ускуналар тиббий кўрикнинг самарали ўтишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жанубий Кореядан келган малакали шифокорлар томонидан ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари вилоят шифокорларининг тажриба ва маҳоратини янада оширишга хизмат қилади.