Валюта курслари 20/03/2025
$1 – 12926.51
UZS – -0.07%
€1 – 14092.48
UZS – -0.51%
₽1 – 156.00
UZS – -1.76%
Қидириш
Иқтисод 19/03/2025 Венгриянинг “ZA-Invest Poultry” компанияси Сирдарё вилоятида йирик лойиҳани амалга оширмоқда

Венгриянинг “ZA-Invest Poultry” компанияси Сирдарё вилоятида йирик лойиҳани амалга оширмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Венгриянинг "OTP Group" концерни делегацияси билан учрашув ўтказди ва гуруҳ таркибига кирувчи компания билан йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Венгрия делегациясига эса OTP Green компанияси бош директори Гергей Покош бошчилик қилди.

Суҳбатда Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигининг долзарб масалалари, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва мамлакатимизда хорижий бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашилди.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, бунга кейинги йилларда ишончга асосланган олий даражадаги муносабатлар ёрдам бераётгани алоҳида таъкидланди. Венгрия бизнеси Ўзбекистонга катта ишонч билдирмоқда – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил октябрь ойида Венгрияга қилган расмий ташрифи якунлари бўйича 1,3 миллиард долларлик битим ва шартномалар имзоланди.

Ўзаро товар айирбошлашнинг асосий позициялари тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика, механик ва электр жиҳозлари ва бошқа товарлардан иборат.

2024 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда венгрия капитали иштирокидаги 12 та корхона, жумладан, 7 та қўшма ва 5 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда.

Инвестиция лойиҳалари портфелига Венгриянинг OTP гуруҳи таркибига кирувчи OTP банки томонидан Ипотека-банкни хусусийлаштириш, Meditop Pharmaceuticals билан юқори технологияли фармацевтика корхонасини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар киради.

Компаниянинг Сирдарё вилоятида паррандачилик кластерини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳани амалга ошириш борасидаги навбатдаги чоралари конструктив тарзда муҳокама қилинди.

Ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар тафсилотларини муҳокама қилиб, томонлар ҳужжат алмашиш маросимига ўтдилар. Хусусан, Инвестиция битими, Сирдарё вилоятида ер участкасини ижарага бериш шартномаси, Ўзбекистон Тўғридан-тўғри инвестисиялар жамғармаси билан таъсис ва низом шартномалари имзоланди.

“ZA-Invest” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида кластер ҳудудида 130 гектар майдонда 8 та паррандачилик фабрикаси, инкубатор, сўйиш ва қайта ишлаш цехлари, озуқа ишлаб чиқариш корхонаси, музлаткич ва маъмурий бинолар қурилади. Лойиҳанинг қуввати йилига 16 миллион дона бройлер товуқлари ва 120 минг тонна омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этади.

Лойиҳа "OTP Green Fund томонидан молиялаштирилади ва "OTP Green" таркибига кирувчи "ZA-Invest Poultry" лойиҳа компанияси томонидан амалга оширилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг