Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - 22-28 апрель кунлари Тошкент шаҳри ва вилоятида велосипед спортининг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати ўтказилади
Ушбу Осиё чемпионатида 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига лицензиялар ўйналади.
Мусобақада 40 га яқин давлатдан 500 нафардан ортиқ велоспортчилар лицензияларни қўлга киритиш учун бахс олиб боришади.
Мазкур Осиё чемпионати Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларида ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, Тошкент-Чимён-Сижжак йўналишида ўтказилади.
Мусобақа катталар, ўсмирлар, параолимпиячилар иштирокида бўлиб ўтади. Спортчилар жамоавий пойгалар, яккалик пойгалари ва гуруҳ пойгаларида беллашув олиб боришади.
22 апрель куни делегация аъзолари ва спортчилар рўйхатга олинади.
Асосий мусобақалар 27 апрель куни аёллар ўртасида бўлиб ўтади.
Иштирокчилар International Hotel Tashkent меҳмонхонаси ёнидан старт олади ва финиш Сижжак қишлоғида бўлади.
28 апрель куни веломусобақа эркаклар ўртасида бўлиб ўтади.
Спортчилар International Hotel Tashkent меҳмонхонаси ёнидан старт олади ва финиш Билдирсойда бўлади.
Спортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати доирасида 25 апрель куни Халқаро Ҳамкорлик марказида Халқаро Велосипедчилар Иттифоқи (UCI) томонидан семинар, 26 апрелда эса International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Осиё велосипед спорти конфедерациясининг (АСС) Конгресси бўлиб ўтади.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайти.