Вазирликлар ҳукумат кўрсатмаларига қарамасдан норматив ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида раҳбарларнинг ташаббускорлиги ва масъулиятини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Адлия вазири Акбар Ташқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида норматив ҳужжатларнинг катта қисми ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланишини, вазирлик ва идораларнинг эса уларни ишлаб чиқиш ҳамда ижросидаги иштироки чекланганини қайд этди. «Шунга мувофиқ, уларнинг жавобгарлиги ҳам паст даражада», — деди у.
Президент фармонига кўра, белгиланган соҳаларда давлат сиёсатини юритиш учун масъул вазирлик ва идоралар мустақил равишда идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. «Уларга ҳукумат ёки президент кўрсатмаларини кутмасдан, ўз ваколати доирасида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳукумат иш ҳажмини тахминан 30 фоизга қисқартиради», — дея маълум қилди вазир.
Ташқуловнинг сўзларига кўра, аллақачон вазирликлар, ҳукумат ва парламент ўртасида ваколатлар тақсимланадиган соҳалар аниқланган. Унинг таъкидлашича, бундай тизим тегишли секторларда сиёсатнинг ривожланишини таъминлайди.
Ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш жараёнлари соддалаштирилади, уларни тасдиқлаш муддатлари эса икки баравар қисқартиради.
Жорий йил июль ойида президент матбуот хизмати ҳам вазирлик ва идоралар ортиқча бюрократиясиз, ўз ваколати доирасида норматив ҳужжатлар қабул қилишда мустақилликка эга бўлишини маълум қилган эди.
Адлия вазирлиги эса янги ҳужжатларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.