Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 28/10/2016 Вашингтонда бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланди
Вашингтонда бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонасида мамлакатимизнинг замонавий ривожланишига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё-Кавказ институти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Американинг расмий, эксперт, академик ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳозир бўлдилар. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсий масалалар бўйича қўмитаси раиси Содиқ Сафоев асосий маъруза билан иштирок этди.

Брифинг чоғида унинг иштирокчилари Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётидаги асосий тамойиллар ҳамда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнларига доир батафсил маълумотлар билан танишдилар. Алоҳида таъкидланганидек, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ республика раҳбарияти томонидан илгари сурилган мамлакатимиз ташқи сиёсатининг фундаментал тамойиллари ўзгармайди. Шу муносабати билан, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2016-йил 8-сентябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги нутқида ўз ифодасини топган асосий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда жорий йилнинг 4-декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига тайёргарликнинг бориши ва 18-19-октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларига доир маълумотлар ҳам тадбир меҳмонларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Республикамиз учун тарихан муҳим даврда барқарорликнинг таъминлангани брифинг иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Шубҳа йўқки, ўтган йиллар давомида қонун устуворлиги асосидаги очиқ ва барқарор сиёсий тизимнинг изчил амал қилиши туфайли бунга эришилди.

Учрашувда сўзга чиққан Жон Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё-Кавказ институти директори С.Корнелл ушбу тадбир Вашингтоннинг сиёсий ва эксперт-таҳлил доираларини республикада кечаётган бугунги вазият билан яқиндан таништириш учун қулай имконият яратганини қайд этди. Америкалик экспертнинг фикр билдиришича, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва демократик тараққиётига доир келтирилган ишонарли далил ва асослар, мамлакатдаги вазиятнинг чуқур таҳлили брифинг қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

Жон Хопкинс университети профессори Т.Ҳуссайн кўпгина мусулмон мамлакатлари ўз аҳолисига диний таълим бериш тизимининг асосларини модернизациялаш ва янгилашга эҳтиёж сезаётган бир даврда Тошкент томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти шафеълигида ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этиш ғоясининг илгари сурилгани ўз вақтида ташланган қадам ҳисобланишини айтди.

Экспертнинг сўзларига қараганда, кўпгина мусулмон давлатларида ёшларнинг радикаллашуви тамойили замонавий теологларнинг етарли даражадаги тайёргарликка эга эмаслиги ва одамларда Шарқнинг буюк алломалари қолдирган маънавий мерос ҳақидаги билимлар етишмаслиги билан боғлиқдир. “Мусулмон ҳамжамияти айнан янги ғояларга эҳтиёж сезмоқда ҳамда бой маданий ва аҳлоқий меросга эга бўлган Ўзбекистон диний маърифатни оммалаштириш йўли билан ана шундай эзгу ғояларни тақдим этишга тайёрдир”, деди олим.

“Logan International Relations” консалтинг компанияси раҳбари П.Хамилл ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистон раислиги доирасида тилга олинган ғояларга Америка Қўшма Штатларида ҳам зарурат борлигига эътибор қаратди. “Қўшма Штатларда ислом дини ва илмий-техникавий тараққиёт бирга мавжуд бўлолмаслиги тўғрисидаги бирёқлама ва нотўғри қарашлар ҳамон йўқ эмас, дея баёнот берди у. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг амалий жиҳатдан ҳаётга тадбиқ этилиши бундай ножоиз қарашларни тарқатиб юборишга қодир бўлади.

Америка бизнеси вакилларининг фикр билдиришларича, Вашингтонда бўлиб ўтган ушбу тадбир Ўзбекистон салоҳиятини тақдим этиш ва уни муҳокама қилиш, мамлакатнинг иқтисодий устуворликларини Америка ишбилармон доиралари эътиборига етказиш учун жуда яхши минбар бўлди.

Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканлиги ишбилармон доиралар вакилларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Жумладан, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг кичик ва ўрта бизнесни янада қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда хорижий сармояларни фаол жалб этишга йўналтирилган ташаббуслари ўзининг жиддий ижобий таъсирини кўрсатганини таъкидладилар.

«Caterpilar» компаниясининг ҳукуматлар билан алоқалар бўйича директори М.Рассел Ўзбекистон саноатни узоқ муддатли ривожлантириш истиқболлари ва етакчи хорижий мамлакатлар билан лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича аниқ-равшан режаларига эга бўлган мамлакатдир, деган фикр «Caterpilar» компанияси раҳбариятида шаклланганини эътироф этди. “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида бундай давлатлар кўп эмас”, деди у.

Ўз навбатида, Америкадаги етакчи “Baker&McKenzie” консалтинг компаниясининг шериги Т.Фаерсон Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий барқарорлик фаолият кўламларини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий компаниялар учун асосий афзаллик эканлигини таъкидлади. “Иқтисодиёт соҳасидаги сўнгги ташаббус ва ислоҳотлар, шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида” ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам мамлакат барқарор ривожланишининг кафолати бўлиб хизмат қилиши билан бирга давлат ва бизнес ҳамкорлигининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланишига ҳам кўмаклашади”, деди Т.Фаерсон.

"Жаҳон" АА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг