Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 06/02/2019 Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилмоқда
Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) --2020 йил 1 январдан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга қўшимча лицензион талаблар жорий этилади.

Президентнинг “Алкогол ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги (Агентлик) ташкил этилади.

Қуйидагилар Агентлик тасарруфига ўтказилади:

“Ўзшаробсаноат” АЖ “Зомин узумчилик ўқув маркази” МЧЖни келгусида уни Агентлик қошидаги “Узумчилик ўқув маркази” ДУКга айлантирган ҳолда;

“Ўзшаробсаноат” АЖнинг “Марказий синов лабораторияси” МЧЖни келгусида уни Агентлик ҳузуридаги “Энология лабораторияси” ДУКга айлантирган ҳолда.

Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

узумчилик ва виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шунингдек, узумчилик ва виночиликни жадал ривожлантиришга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

узум, асосан унинг техник навлари плантацияларини кенгайтиришга, ва виночиликни ривожлантиришга, замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этишга, виночилик корхоналарини комплекс модернизациялашга кўмаклашиш;

рақобатбардош виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишда узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорлар конюнктурасини чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказиш йўли билан соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий виночилик маҳсулотларини республикада, жумладан, хорижда ҳам оммалаштириш;

хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;

узум кўчатлари етиштирувчилар фаолиятини тартибга солиш, узум, мева ва резаворлардан тайёрланган алкогол маҳсулотлари сифатини аниқлаш юзасидан Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш инспексияси билан ҳамкорлик қилиш;

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон реестрини юритиш;

2020 йил 1 январдан бошлаб ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга қуйидаги қўшимча лицензион талаблар жорий этилади:

уч йил ичида ўзининг техник узум навлари плантацияларини бир текис яратиш ва келгусида вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқаришни ташкил қилиш. Бунда техник узум навлари экилганидан кейинги уч йилдан сўнг техник узум навлари плантацияларининг майдони ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг 75% га мутаносиб келадиган вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳосилни йиғиш имконини бериши керак;

ароқ ҳамда истеъмолетил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш. Бунда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда камида 100 минг декалитрни ташкил қилиши лозим;

ароқ ишлаб чиқармайдиган корхоналарда истеъмолетил спиртидан ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш;

бунда узум, мевалар ва резавордан тайёрланган алкогол маҳсулотларига минимал ишлаб чиқариш ҳажми бўйича лицензион талаб ўрнатилмайди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг