Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 07/12/2021 UzAuto Қозоғистонда 500 миллион доллардан ортиқ битимлар тузди
UzAuto Қозоғистонда 500 миллион доллардан ортиқ битимлар тузди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нур-Султонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган Қозоғистон-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг IV йиғилишида «Ўзавтосаноат» АЖ машинасозлик соҳасида 500 миллион доллардан ортиқ икки томонлама келишувларга эришди.

Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг икки етакчи машинасозлик компанияси – «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Аллур» компаниялар гуруҳи ўртасида «SaryarkaAvtoProm» Қўстанай заводида Chevrolet енгил автомобиллари кичик тугунли (SKD) ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутувчи ҳамкорликнинг янги босқичига ўтиш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳани амалга ошириш учун 65 миллион долларлик инвестициялар режалаштирилган.

Қозоғистонда истеъмолчиларнинг «Chevrolet» русумли автомобилларга бўлган юқори талабини инобатга олган ҳолда, Қозоғистон Республикасида ушбу автомобилларни ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлик табиий равишда юзага келди. Келишувлар доирасида «SaryarkaAvtoProm» акциядорлик жамияти негизида замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, бу икки мамлакат иқтисодиётининг маҳаллийлаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради. Икки компаниянинг сармоявий ва иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича эришилган келишувлар босқичма-босқич амалга оширилади.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси билан ҳамкорликни кенгайтириш доирасида «Ўзавтосаноат» Қозоғистоннинг автотранспорт ишлаб чиқарувчи «Qaztehna» МЧЖ билан 15 миллион долларлик шартнома имзолади. Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш мақсадида «Qaztehna» негизида SINOTRUK HOWO юк автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Қозоғистон компаниялари билан эришилган қатор келишувлар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни ўз ичига олган. «Ўзавтосаноат» ва «Агромашхолдинг КЗ» АЖ ўртасида  Қозоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги техникасини, шу жумладан тракторларни ишлаб чиқариш ва сотишни ривожлантириш борасида 15 миллион долларлик стратегик ҳамкорлик шартномаси тузилди.

Машинасозликнинг асосий йўналишларидан ташқари Қозоғистон компаниялари билан ҳам Ўзбекистон Республикаси автомобиль бозорида замонавий рақамли ечимларни жорий этиш бўйича 50 миллион долларлик келишувларга эришилди.  

Белгилаб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги саноат кооперацияси бир қатор муваффақиятли лойиҳаларга эга. 2020 йил март ойидан бошлаб UzAuto Motors билан биргаликда Қўстанайда Chevrolet русумли автомобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, жорий йилда “ SariarqaAvtoProm” заводи “ SamAuto” компанияси билан биргаликда SAZ LE 60 русумли паст полли автобусларни ишлаб чиқаряпти. Бундан ташқари, 2019 йил октябрь ойидан бошлаб UzAuto Motors томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар Қозоғистонда энг кўп сотилган автомобиллар рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб келяпти, деб хабар беради «Ўзавтосаноат» АЖ матбуот хизмати.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг