Валюта курслари 21/11/2024
$1 – 12855.93
UZS – 0.09%
€1 – 13570.72
UZS – 0.15%
₽1 – 128.16
UZS – -0.11%
Қидириш
Хитой 06/09/2023 Ушлашга ҳаракат қилманг - ушланг!
Ушлашга ҳаракат қилманг - ушланг!

Ушлашга ҳаракат қилманг - ушланг!

Маълумки, 2023 йилнинг 23 июль куни Шинжон-Уйғур автоном районининг Карамай шаҳрида (Шимолий-ғарбий Хитой) “Салом, Ипак йўли” интернет тармоғида ахборот тарқатиш ва алмашиш бўйича биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди.

Aнжуманда 200 дан ортиқ олим ва халқаро коммуникация соҳасидаги экспертлар, Хитой ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда 20 дан ортиқ давлатнинг интернет юлдузлари иштирок этди ва улар Хитой ва “Бир макон, бир йўл” бўйидаги мамлакатлар ўртасидаги халқаро алоқалар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Конференция якунлангандан сўнг барча меҳмонлар учун турли учрашув ва тадбирлар ташкиллаштирилди. Мен учун энг эсда қоларлиси уйғур оиласида лағмон еганимиз бўлди. Деярли ўзбекона ясатилган дастурхон атрофида турли давлатлардан келган ОАВ вакиллари йиғилдик. Кўз ўнгимизда хамирни ингичка қилиб чўзиб, пишириб, чиройли тарелкаларда сузиб, устига важу қуйиб олиб келишди...

Бир зумда хонани маромига етказиб пиширилган лағмоннинг ёқимли иси тутиб кетди. Барча йиғилганлар лағмонни мақташиб, танаввул қилишга киришди... Бунақа лағмонни емабсиз - дунёга келмабсиз!

Шу куни мен учун яна бир сабоқ бўлди. Хитойликларнинг овқатланиш учун ишлатадиган чўпларида лағмон ейишга ҳаракат қилдим. Лекин умримда биринчи бор бўлганлиги сабабли ҳеч нарсани ушлай олмадим.

Шунда бизни олиб юрган хитойлик таржимон йигит сўради:

«Нима қилаяпсиз?»

«Гўштни, лағмонни ушлашга ҳаракат қилаяпман».

«Ушлашга ҳаракат қилманг - ушланг!»

Шу гап менга далда бўлди ва мен овқатланиш учун чўпдан фойдаланишни ўрганиб олдим...

Тушликдан сўнг хонадон эгалари билан суҳбатлашдик. Улар ўзларининг шароитлари, рўзғор ва умуман турмуш тарзлари ҳақида сўзлаб беришди. Ҳовлига чиқдик ва мен тўғриси ўзимни худди Тошкентдаги уйимдагидек ҳис қилдим. Сабаби, ҳовлига узум токи, райҳон, помидор, қалампир ва гуллар тартиб билан экилган эди. Ва мен учун энг асосийси мен уларга ўзбек тилида, улар эса менга уйғур тилида жавоб қайтаришарди. Биз дилдан суҳбатлашдик ва бир-биримизни таржимонсиз тўлиқ тушундик…

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг