Валюта курслари 06/11/2024
$1 – 12774.98
UZS – -0.12%
€1 – 13914.51
UZS – -0.15%
₽1 – 130.14
UZS – 0.08%
Қидириш
Маданият 17/05/2024 Улуғ ижодкорга муносиб ёдгорлик
Улуғ ижодкорга муносиб ёдгорлик

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Тошкент шаҳрида миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, санъат мухлисларини қизғин табриклади.
– Бугун ўзига хос санъат ва маданият байрами. Ушбу қувончли воқеа билан сиз, азизларни, раҳматли Ботир Зокировнинг яқинлари ва мухлисларини, бутун халқимизни самимий муборакбод этаман, - деди Президент.
Ботир Зокиров 1936 йилда санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ва 2021 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.
Давлатимиз раҳбари хонанданинг беназир истеъдод ва инсоний фазилатларини эътироф этди. 
Ботир Зокиров жуда қисқа – 49 йил умр кўрган. Лекин шу йиллар давомида ўзидан ранг-баранг ва бой ижодий мерос қолдирган. Унинг сеҳрли овози юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб бориб, халқимиз қалбидан, санъатимизнинг олтин фондидан жой олган. Дунёнинг маданият пойтахтларида ўзбек санъатини зўр муваффақият билан намойиш этган.
Хонанда 1955 йилда, айни кучга тўлган пайтида оғир дардга йўлиқади. Бир неча марта жарроҳлик амалиётларини бошидан ўтказади. Шифокорлар унга қўшиқ айтишни тақиқлаб қўяди. Лекин шу аҳволда ҳам ижоддан, куйлашдан тўхтамайди. 
Ботир Зокиров умр бўйи янгиликка интилиб яшарди. Шарқ фольклори ва замонавий эстрада санъатини уйғунлаштириб, “Мюзик холл” ижодий жамоасини ташкил этган, хонанда ва композитор сифатида кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилган. Республикамизда хизмат кўрсатган “Ялла” ансамблининг ташкил топишида Ботир Зокировнинг хизматлари беқиёсдир.
Буюк санъаткорнинг сўнмас хотирасини эъзозлаш, ижодий меросини ўрганиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, Президент қарори қабул қилиниб, 2021 йилда Ботир Зокировнинг 85 йиллик таваллуд айёми кенг нишонланди. Улуғ ҳофиз номидаги миллий мукофот таъсис этилди. У ҳақда илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли фильм ва спектакллар яратилди. Яқинда Ботир Зокировнинг хотира кечаси мамлакатимиз жамоатчилиги ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган атоқли санъаткорлар иштирокида катта шодиёна сифатида ўтказилди.
Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага у кишининг табаррук номи берилди. Ушбу консерватория ҳузурида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти барпо этилди. Энди бу ерда ҳайкал ўрнатилиши мажмуага янада кўрк бағишлади.
– Бу ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир. Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади, – деди давлатимиз раҳбари. 
Ботир Зокиров ижодий феномени миллий санъатимиз тарихида бутун бир даврни ташкил этиши таъкидланди. Унинг бой меросини чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ишларини давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига алоҳида қарор тайёрлаш топширилди. Унда Тошкент шаҳрида санъаткорнинг мемориал музейини барпо этиш, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ва талабалар учун давлат стипендияси жорий этиш, бадиий фильм яратиш, Миллий эстрада симфоник оркестри фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби вазифалар кўзда тутилади.
Маросимда Ботир Зокировнинг издошлари, санъат ва маданият намояндалари сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг