Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 10/11/2016 “Учинчи сектор” сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга фаол киришди
“Учинчи сектор” сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга фаол киришди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси (ЎННТМА) матбуот хизмати ахборотига кўра жорий йилнинг 9-ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Республика фуқароларига миллий сайлов тизими мазмун-моҳиятини тушунтириб беришда ННТ ролини ошириш” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.

Тадбирда МСК, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти экспертлари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ННТ фаоллари ҳамда етакчилари, шунингдек ЎННТМА минтақавий ресурс марказлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Семинарнинг мақсади, энг аввало, республиканинг олис туманларида яшовчи аҳолининг сайлов маданияти ва сиёсий фаоллиги даражасини оширишда ННТ фаолиятини янада кучайтиришга доир таклифларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишдир.

Тадбир давомида давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари таклифлари асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайловчилариннг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга доир тадбирлар дастури амалда қай даражада рўёбга чиқарилаётганлиги кўриб чиқилди.

ЎННТМА кенгаши раиси А. Каримов ўз маърузасида дастурда назарда тутилган вазифаларни тўлиқ рўёбга чиқаришда округ ва участка сайлов комиссиялари, давлат органлари, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. А. Каримов аҳолининг барча қатламларини, энг аввало, хотин-қизлар, ёшлар, фахрийлар, жисмоний имкониятлари чекланган шахслар, ўқув юртлари вакилларини қамраб олиш учун “Менинг овозим – мамлакатимнинг келажагидир”, “Ўзим овоз бераман”, “Бизнинг оиламизда ҳар ким ўз овозига эга”, “Биз сайлаш ҳуқуқига эгамиз”, “Сайловчилар рўйхатида ўзингни топ”, “Жипс оилада” каби акцияларни кенгроқ ўтказиш зарурлигига асосий эътиборни қаратди.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари низомларини тушунтириш, унинг бузилишига йўл қўймаслик, жумладан “оилавий” ва гуруҳ бўлиб овоз беришнинг, сайловчиларнинг бирдан ортиқ рўйхатига киритилишининг олдини олиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга экспертлар томонидан тушунтириш тадбирларини ўтказиш доирасида ННТ вакиллари томонидан белгиланган талабларга риоя этиш, мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, очиқ-ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида ўз фаолиятини амалга ошираётган марказий, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятига аралашмаслик зарурати тушунтирилди.

Умуман олганда, семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови – давлатнинг кейинги тараққиёт йўлини белгилаб берувчи муҳим ижтимоий-сиёсий жараён эканлигигига ишончлари комил эканлигини билдирдилар.

Ва бугун фуқаролар эркин ва онгли танловни амалга оширишлари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш – Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси олдида турган долзарб вазифадир, айнан шу сабабли фуқароларнинг саводхонлигини ошириш зарурдир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг