Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, округ сайлов комиссиялари аъзолари, депутатлар, сайлов ҳуқуқи соҳаси бўйича олим ва мутахассислар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов бошқариб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг долзарб вазифаларига тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, сайлов кампаниясининг барча тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига қатъий мувофиқ равишда ўтказилмоқда. Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик каби демократик тамойиллар асосида амалга оширмоқда.
Таъкидланганидек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни асосида ўтказишда участка сайлов комиссияларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Қонунчилигимизга кўра, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5–19 нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.
Шунингдек, участка сайлов комиссияси участка бўйича сайловчилар рўйхатини тузади, сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади, бинони овоз бериш учун тайёрлаб қўяди, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этади. Шу билан бирга участка сайлов комиссияси овозларни санаб чиқади, участка сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади.
Семинарда сайлов участкаларини жиҳозлаш, “Она ва бола” ҳамда тиббиёт хоналарини ташкил этиш, комиссиянинг самарали иш фаолияти учун зарур шарт-шароит яратиш каби масалалар муҳокама этилди. Участка сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштириш, сайловчилар рўйхатини тузишнинг ўзига хос хусусиятлари, овоз бериш жараёнини ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилиш сингари мавзуларда маърузалар тингланди.
Экспертлар халқаро ва маҳаллий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ишлаш, жойларда сайловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, сайловнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳақида фикр юритдилар.
Таъкидлаш керакки, мазкур тадбир участка сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этишга қаратилган уч босқичли семинар-тренингларнинг дастлабкиси ҳисобланади. Шунга ўхшаш семинар-тренинглар вилоятлар ва туманларда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳамда экспертлари иштирокида ташкил этилади.
Тадбир иштирокчиларига Марказий сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида яратилган участка сайлов комиссияси фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган ўқув фильми намойиш этилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.