15 июль куни БААнинг Ал Айн шаҳрида келаси йили Хитойда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионати саралаши D гуруҳи учрашувлари старт олди. Дастлабки турнинг илк учрашувида саралаш мезбони БАА ёшлар терма жамоаси Непални йирик 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Турнинг иккинчи учрашувида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Ливанга қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг биринчи таймидаёқ Равшан Ҳайдаров жамоаси рақиб дарвозасига учта гол урди. Дастлаб, рақиб ҳимоячиси Файсал Ҳамис ўз дарвозасига тўп киритган бўлса, Бобур Абдуҳолиқов Ливан дарвозасини яна икки бор ишғол этди. Иккинчи таймда Ливан ёшлар терма жамоаси битта жавоб тўпини киритди ва учрашув Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 ёшлар терма жамоаси иккинчи турда 17 июль куни Непал ёшларига қарши майдонга тушса, Ливан ёшлари БАА ёшларига қарши баҳс олиб боради.