Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Туризм 03/05/2019 Туркиядаги талабалар Ўзбекистон туризмини тарғиб қилишмоқда
Turkiyadagi talabalar O'zbekiston turizmini targ'ib qilishmoqda

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октабрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3982-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Умумжаҳон ёшлари уюшмаси Туркия вакиллиги ҳамкорлигида хориждаги ёш ватандошларимиз орқали мамлакатимиз туризмини тарғиб қилиш муваффақиятли олиб борилмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Ипак йўли офиси” УК директори М. Мирзахидов 2019 йил 4–8 апрел кунлари Туркияга хизмат сафари давомида Туркиянинг барча вилоятларида бўлиб ўтаётган XII Халқаро талабалар учрашуви тадбирларида ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувлар ўтказди.

Мазкур тадбирлар доирасида юртдошларимиз ҳам бир қатор тарғибот тадбирлари ташкил этишга муваффақ бўлдилар. Хусусан, жорий йилнинг 25 апрелида Қорабук университетида “Туркия-Ўзбекистон қардошлик куни”, 27-28 апрел кунлари Истанбулдаги Эсенлер Дўртйўл майдони ва Ускудор тумани Бағларбаши марказида “Шарқдан Ғарбга адолатли дунё сари” каби тадбирлар уюштирилди.

Шунингдек, Кўня, Сакария, Эдирна, Адана, Истанбул, Ушақ шаҳарларида ватандошларимизнинг ўзбек маданияти ва миллий қадриятларини тараннум этувчи стендлари намойиш этилди. Сакариядаги Ўзбекистонликлар стендига Сакария вилояти ҳокими Аҳмет Ҳамди Янир ва Сакария университети профессор Фотиш Савашан ташриф буюрди.

Тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий, маданий ва табиат бойликлари, сайёҳларни ўзига жалб этувчи афсонавий шаҳарлари ва бетакрор санъати намойиш қилинди. Ўзбек талабаларининг миллий либослари, санъат асарлари ижроси ва стендлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи тарқатма материаллар, шу жумладан, журналлар, брошюралар, футболка ва кепкалар ҳамда бошқа материаллар тарқатилди.

Халқаро тадбирнинг якуний босқичи жорий йилнинг 4 май куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Манба: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг