Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ҳумоюнда юз фоизлик натижа, яна уч нафар шахматчимиз мағлубиятсиз одимлаяпти
Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган шахмат бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ўкувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 6-тур учрашувлари ортда қолди.
Мусобақада ўзбекистонлик бирйўла 4 нафар аъзоси шахматчи мағлубиятсиз юришини давом эттирмоқда. Аммо улардан фақатгина Ҳумоюн Бекмуродов бугунгача ўтказилган барча партияда ғалаба нашидасини сурди.
Кеча Ҳумоюн оқ доналарда эронлик Амир Хесам Жалалвандни мағлуб этди ва очколари сонини 6тага етказиб олди. Дунёдаги энг ёш гроссмейстерлардан бири Жавоҳир Синдоров эса ирландиялик Каниамарала Тарундан устун келди. Ушбу ғалабадан кейин Синдоров 5,5 очко билан ўз ёш тоифасида етакчилар гуруҳида бормоқда. Яна бир вакилимиз Нодирбек Ёқуббоев 6-турда қозоғистонлик Абилмансур Абдилхайирни енгди. Натижада унинг ҳам очколари сони 5,5тага етди.
Бу турда туркиялик Элиф Зерен Йилдизни таслим этган Афруза Ҳамдамова ҳам эндиликда 5,5 очкога эга.
17 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов туркиялик Эмре Кирилмазни мағлубиятга учратган бўлса (унинг ҳисобида 5 очко бор), Баҳром Баҳриллаев яна бир мезбон шахматчи Кутай Сакмакдан устун келди. Али Қосимов эса бу турда Шри-Ланка вакили, Умида Омонова эса қозоғистонлик дугонасини енгишга муваффақ бўлди.
Аммо бошқа бир вакилимиз Акбар Аллаберганов озарбайжонлик анча номдор шахматчи Умид Аллахвердига ютқазиб қўйди. Шунингдек, Зайнура Абророва ҳам бу турда мағлубият аламини тотиб кўрди.
Мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионати ғолиблари 27 апрель куни аниқланади.